“Ўзчармсаноат” уюшмаси делегациясининг Жанубий Кореяга амалга оширган ташрифи давомида мазкур мамлакатнинг автомобилсозлик корхоналари учун чарм маҳсулотларини етказиб берувчи “JM” компанияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган чарм маҳсулотлар сифати, хом ашё базаси, корхоналарда қўлланилаётган замонавий технологиялар, инвестицион муҳит тўғрисида Корея компаниясига батафсил маълумот берилди.

“JM” компанияси Жанубий Кореядаги энг йирик чарм ишлаб чиқарувчи корхона саналади. Бу ерда тайёрланаётган чарм маҳсулотлар асосан Hyundai, Kia, Toyota компанияларининг автомобилларига етказиб берилади. Компаниянинг йиллик даромади 250 миллион долларни ташкил этади. 1 миллиард доллар эвазига барпо этилган ишлаб чиқариш корхонаси тўлиқ Италия ва Германия технологиялари билан жиҳозланган.

Мулоқотда компания Ўзбекистонда сўнгги йилларда чармсаноат соҳасидаги ўзгаришлар ва янгиланишлардан хабардор эканлиги, шу сабаб чармнинг иккиламчи ва тайёр ҳолдаги кўринишини айнан мамлакатимиздан харид қилишни режалаштираётганини маълум қилди.

Шунингдек, “Ўзчармсаноат” уюшмаси делегацияси ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулотлар сифати билан яқиндан танишди. Шу ернинг ўзида “JM” компанияси вакилларига республикамизнинг 16 та ҳудудида ташкил этилган кичик саноат зоналари ва уларда чармсаноат соҳасига йўналтирилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бизнес таклифлар тақдим этилди.

Компания Тошкент вилоятида қўшма корхона очиш ва у ерда ишлаб чиқариладиган чармни Жанубий Корея бозорига ва автомобилсозлик соҳасидаги йирик компанияларга етказиб бериш бўйича ўз ташаббусларини билдирди.

Компания делегацияси апрель ойида Тошкентга ташриф буюриб, чарм ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар билан музокаралар ўтказишга ва амалга ошириладиган лойиҳаларни муҳокама қилиб олишга тайёр эканлигини маълум қилди.

Ўзбекистонда тайёрланаётган чарм маҳсулотлар келгусида Жанубий Кореянинг йирик автомобиль заводларида ишлаб чиқарилаётган автоуловларда қўлланила бошланади, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.

ЎзА