Янгиланаётган конституция, ундаги ўзгаришлар ва киритилаётган янги моддаларни тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси шахсий таркиби билан учрашув бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси масъул вакили Т.Раҳмонов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети доценти, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази аъзоси, Х.Кабулов конституциядаги ўзгаришлар ва киритилаётган янги моддалар, шунингдек айни кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараёнга тайёргарлик ишларига тўхталди.

Таъкидланганидек, жорий йил 30 апрелда конституциявий қонун лойиҳаси бўйича референдум ўтказилиши белгиланган. Мазкур сана олдидан жойларда янгиланаётган конституция, ундаги ўзгаришлар ва киритилаётган янги моддалар бўйича тушунтириш ҳамда тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Янгиланаётган конституция халқимиз ва жамиятимиз ривожи йўлида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлишини таъкидлаб, Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича умумхалқ муҳокамаларида жами 222 минг 715 та таклиф келиб тушганлиги ва улар асосида лойиҳа такомиллаштирилганлиги қайд этилди. Хусусан, таклифларнинг ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид қоидалар уч ярим бараварга кўпайганлиги маълум қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституцияга 27 та янги модда киритилиб, моддалар сони 128 тадан 155 тага ошмоқда. Амалдаги 275 та норма 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституция 65 фоизга янгиланмоқда. Хусусан, киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг сиёсий-ҳуқуқий аҳамияти, кўлами ва ҳажмидан келиб чиқиб, лойиҳани янги таҳрирда баён этишга барча асослар борлиги, шу боис Конституциявий қонун лойиҳаси номи “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида” деб ўзгартирилгани билдирилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, мамлакатимизнинг суверен, ҳуқуқий, демократик ва ижтимоий давлат бўлишини истаган ҳар бир фуқаро референдумга бефарқ бўлмайди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА