АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Фанлар академияси Сейсмология институти ва бошқа масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда зилзила, сел, тошқинлар каби фавқулодда вазиятларни олдини олиш, сейсмик ҳолатни баҳолаш билан боғлиқ масалалар юзасидан маълумот берилди.

Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази томонидан Ўзбекистон ва унга чегарадош ҳудудларда 2023 йил 1 январдан бугунги кунгача магнитудаси М= 2.8-6.8 бўлган 250 дан ортиқ зилзила қайд этилган.

Ўзбекистон геологик жойлашувига кўра, Ўртаер денгизи – Осиё сейсмик камарида жойлашган. 1900 йилдан шу кунга қадар 60 дан ортиқ кучли ва ҳалокатли (магнитудаси 5 дан юқори бўлган) зилзилалар содир бўлган.

Сўнгги 10 йил мобайнида республикада жами олти маротаба 6 – 8 балли зилзилалар содир бўлган, натижада қурбонлар сони 16 кишини, жабрланганлар сони 54 кишини, иқтисодий зарар эса 84 млрд. сўмни ташкил этган.

Ш.Маматуропова, ЎзА