Бугун Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда референдумга тайёргарлик кўриш жараёнлари, хусусан, референдум ўтказувчи округ комиссияларини тузиш масаласи кўриб чиқилди.

– Шу йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумни ўтказиш бўйича қизғин тайёргарлик кўрилмоқда, фуқаролар ўз сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун барча шароитлар яратилмоқда, – деди йиғилишни кириш сўзи билан очган Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев. – Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 16 мартдаги мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри чегараларида 14 та референдум округлари ташкил этилган эди. «Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида»ги қонунга кўра, референдум ўтказувчи округ комиссияси референдум тайинлаш тўғрисидаги қарор эълон қилинганидан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан ўн кундан кечикмай комиссия раиси, раис ўринбосари, котибидан ва комиссиянинг саккиз-ўн саккиз нафар бошқа аъзоларидан иборат таркибда тузилади. Референдум ўтказувчи округ комиссияларининг асосий вазифаси округ ҳудудида барча тайёргарлик ишларини кўришдан иборат.

Мажлисда Референдум ўтказувчи округ комиссияларини тузиш масаласи юзасидан Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров маъруза қилди:

– Референдум ўтказувчи округ комиссиялари аъзолигига номзодлар дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг мажлисларида атрофлича муҳокама қилинди ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқлаш учун тавсия этилди. Қонунга мувофиқ округ комиссиялари таркибига сайловлар ҳамда референдум ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар, шу жумладан ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, педагоглар, шифокорлар, муҳандислар, журналистлар ва бошқа касб вакиллари киритилган. Референдум ўтказувчи округ комиссиялари жами 266 нафар аъзодан иборат бўлиб, гендер тенгликка алоҳида эътибор қаратилган ҳолда 112 нафари, яъни 42 фоизи аёллардан иборат таркибда ташкил этилди. Округ комиссиялари раҳбар (раис, раис ўринбосари ва котиб) лавозимларида аёллар 38 фоизни ташкил этмоқда. Илк бор округ комиссиялари раислигига икки нафар аёл тасдиқланди. Шунингдек, округ комиссиялари таркибида ногиронлиги бўлган шахслар 5 фоизни ташкил этмоқда. Комиссиялар аъзоларининг 6 фоизи ёшлар вакиллари, 58,3 фоизи 31 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролардан иборат.

Марказий сайлов комиссияси мажлисида референдум ўтказувчи 14 та округ комиссияларини тузиш тўғрисидаги масала юзасидан комиссия аъзоларининг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди ва қарор қабул қилиниб, уларнинг таркиблари тасдиқланди.

Шунингдек, мажлисда сайлов ёки референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизматни жорий этиш ҳамда комиссия ҳузуридаги тезкор ахборот бериш маркази фаолиятини йўлга қўйиш масалалари муҳокама этилди. Қайд этилганидек, референдум жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда референдумда овоз берувчи фуқароларга қулайликлар яратиш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали референдум участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича интерфаол хизмат кўрсатиш тартибини жорий қилиш чоралари белгилаб олинди.

Фуқароларга референдумни ўтказишга оид масалалар юзасидан тезкор ҳамда қулай тарзда ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш, уларнинг референдум қонунчилиги бўйича хабардорлик даражасини, ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси ҳузурида тезкор ахборот бериш маркази ташкил этилди.

Якунда барча масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров(сурат), ЎзА