Quacquarelli Symonds – QS World University Rankings халқаро рейтинг агентлиги 2023 йилги дунё университетларининг “Фан соҳалари рейтинги” (Subject Rankings) натижаларини эълон қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Миллий университети 3 та (замонавий тиллар, математика, физика ва астрономия) фан бўйича дунёнинг кучли университетлари қаторидан жой олди. Жумладан, замонавий тиллар ва математика фанлари йўналиши бўйича ТОП-500 олий таълим муассасалари рўйхатидан ўрин эгаллади. Физика-астрономия фан йўналиши бўйича эса 501-550 ўринлар қаторини банд қилди.

Ўзбекистон Миллий университети 2022 йилги рейтингда “Математика” соҳасида 451–500-ўринда кўрилган бўлса, бу йил шу йўналиш бўйича 100 поғона юқорига кўтарилди.

Халқаро рейтинг агентлиги эътирофига кўра, 2023 йилги рейтингда ЎзМУ қуйидаги натижаларни қайд этди:

“Математика” йўналиши (351-400 ўрин);

“Замонавий тиллар” йўналиши (151-200 ўрин);

“Физика ва астрономия” йўналиши (501-550 ўрин).

Маълумот ўрнида, “QS World University Rankings by Subject”  – дунё университетларини 51 та фан соҳаси бўйича иш берувчилар ва халқаро илмий жамият ўртасида ўтказиладиган сўровнома, яъни фан соҳаларида олий таълим муассасасининг нуфузи, “Scopus” халқаро илмий-техник маълумотлар базасида нашр этилган илмий мақолаларга иқтибослар ва “Xirsh” индекси, шунингдек халқаро ҳамкорлик кўрсаткичларини International Research Network (IRN) маълумотларининг баҳоланишини назарда тутади.

ЎзМУ Ахборот хизмати

ЎзА