Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Филиал директори Адилбай Есимбетов барчани Наврўз байрами билан самимий табриклаб, эзгу тилакларини билдирди.

Барчамиз интиқлик билан кутиб, катта шодиёна ила нишонлайдиган севимли айёмимиз Наврўз байрами халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари, анъаналарини ўзида мужассам этган байрамдир. Беғубор орзу-умидларимиз ва истакларимизни, ҳис-туйғуларимизни тараннум этадиган ушбу айёмни муносиб тарзда нишонлаш аллақачон анъанага айланган.

Тадбирда сўзга чиққан меҳмонлар Наврўз айёми ёшларни инсонийлик, дўстлик, бошқаларга ёрдам қўлини чўзиш, меҳр-мурувватли бўлиш каби эзгу фазилатларга эга бўлишга чорлайдиган байрам эканлиги ҳақида тўхталиб, филиал жамоасини байрам билан қутлади. “Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!” шиори остида ўтказилган байрам тадбири доирасида миллий таомлар кўргазмаси ташкил этилиб, талаба ёшлар томонидан иштирокчиларга халқимизнинг энг севимли миллий таомлари ва ноз-неъматлари тортилди. Меҳмонлар талабалар томонидан тайёрланган таомлардан татиб кўриб, юксак баҳо  беришди.

Байрам кечаси филиалнинг иқтидорли йигит-қизларидан ташкил топган таниқли “Қарекеңше онлайн” жамоаси томонидан тайёрланган тантанали концерт дастури билан давом этди. Жумладан, қорақалпоқ ва қардош халқларнинг миллий урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган ҳолда саҳналаштирилган кўринишлар, миллий рақс ва куй-қўшиқларнинг ижро этилиши, халқимизнинг миллий ўйинлари, бахши ва жировларнинг ажойиб чиқишлари барчага бирдек манзур бўлди. Айниқса, қорақалпоқ фольклори асосида саҳналаштирилган йигит қизлар базми ва тўй кўринишлари томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Шунингдек, Наврўз байрами муносабати билан турли миллий спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди.  Миллий байрамимиз мана шу тарзда катта шодиёна билан нишонланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА