Нaвoий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институтида “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда институт директори A.Қаипбергенов йиғилганларни янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз байрами билан қутлади.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 мартдаги “2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарори асосида шарқона янги йилнинг бошланиши бўлган Наврўзи олам  мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида юксак савияда нишонланмоқда. Чунки, халқимиз тарихи ва маданиятининг бир бўлаги бўлган Наврўз қадимий бўлиши билан бирга, ҳар йили биз билан бирга янгиланиб бораётган қадимий анъанавий байрам ҳисобланади.

Байрам томошалари Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган артист М.Нуржанова ижросидаги “Мен баҳорда туғилдим” қўшиғи билан бошланди. Шундан сўнг, таниқли санъаткорлар ва талаба ёшлар, “Мухаллес” дуторчилар ва ўқув юртининг “Зийуар” ансамбллари аъзоларининг ижросидаги қўшиқ ва рақслар йиғилганларга кўтаринки кайфият улашди. Институт ёшларидан ташкил топган “Алмаз” қувноқлар ва зукколар жамоаси аъзоларининг чиқишлари, иқтидорли талабалар ижросидаги цирк томошалари  барчада катта қизиқиш уйғотди. Байрам томошаси институт директорининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари  Қ.Юсупов ижросидаги “Хўш келдинг Наврўз” қушиғи билан якунланди.

Байрам муносабати билан сумалак сайли ташкил этилди. Гуруҳлар томонидан миллий таомлар, ҳунармандчилик буюмлари ва миллий кийимлар кўргазмаси ташкил этилди. Миллий ўйинлар бўйича мусобақалар ўтказилиб, ғолиблар тақдирланди. Янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз байрамини бўлажак кончилар кўтаринки руҳда нишонлади.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА