Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Довут-ота” чегара божхона пости ходимлари томонидан “Фея” лақабли хизмат ити ёрдамида Россиядан Ўзбекистонга кириб келган “CADILLAC” русумли автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилганда Россия фуқароси томонидан мамлакатимизга олиб келинаётган қурол-аслаҳалар тўхтатилди.

Жумладан, ушбу фуқарога тегишли бўлган, божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган ва йўловчи божхона декларацияси тақдим қилинмаган 1 дона газли тўппонча,  тўппончанинг 9 дона газ баллони, 1050 дона “Выстрел калибр 4,5 мм” номли дроблар ва 2 дона газли тўппонча учун кабураларни ўз эҳтиёжи учун олиб келаётганлиги аниқланди.

Худди шундай яна бир ҳолатда “Довут-ота” чегара божхона пости орқали Россия Федерациясидан мамлакатимизга кириб келган “FORD” русумли автотранспорт воситасида юртимизда фаолият юритаётган МЧЖларнинг бирининг номига олиб келинаётган халқаро курьерлик жўнатмалари божхона кўздан кечирувидан ўтказилди. Натижада эса, кузатув ҳужжатларида ва йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган, тегишли рухсатномаларга эга бўлмаган оқ рангли полиэтилен қоп ичида аввал фойдаланилган 1 дона қора рангли “4,5 мм (ВВ CAL)” ёзувли пневматик тўппонча борлиги аниқланди.

Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, фуқаровий ва хизмат қуролини ҳамда унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитини амалга ошириш Ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларига кўра амалга оширилади. Пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ички ишлар органларининг тегишли рухсатномаларисиз реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки ҳудудидан олиб чиқиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш —қуролни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА