Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг 600 ўринга мўлжалланган талабалар турар жойи биноси учун республика товар-хомашё ишлаб чиқариш биржаси орқали “NDKAB TEXAS” масъулияти чекланган жамияти билан 482 миллион 912 минг сўмга шартнома тузилиб, 20 дона умумий 4 тонналик қуёш энергиясидан сув иситиш қурилмаси ўрнатилди ҳамда ишга туширилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ўтказилган мажлисда барча олий таълим муассасаларида муқобил энергия манбаларини ўрнатиш, тизимдаги жараёнларни рақамлаштириш ва хориждаги талабалар билан алоқаларни ўрнатиш борасидаги долзарб масалалар муҳокама қилиниб, ўқув ҳамда талабалар турар жойлари биноларини тўлиқ қуёш энергияси панеллари билан жиҳозлаш топширилган эди.

Қуёш энергияси атроф-муҳитни ифлослантирмайдиган, фойдаланилиши жиҳатидан ҳеч қандай биологик хавфи бўлмаган, энергиянинг янги тури ҳисобланади. Қуёш – туганмас энергия манбаси бўлиб, ундан фойдаланиш энергетик масалаларни ҳал қилишнинг энг оддий ҳамда арзон усулидир. Аҳамиятлиси, қуёш энергиясидан кенг миқёсда фойдаланиш сайёрамизда шаклланган эволюцион энергетик балансни бузмайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг кўламда фойдаланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш, мазкур манбалар орқали электр ва иссиқлик энергияси билан таъминлаш,  маъмурий-маиший бинолар ҳамда иншоотларда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони талабларини бажариш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг миқёсда фойдаланишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини ҳаётга татбиқ этиш мақсадида республика товар-хомашё ишлаб чиқариш биржаси орқали 1 миллиард 200 минг сўмга “SUN-HIGHTECH” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома имзоланди. Шу асосда институт биноларига ўрнатиш учун қуввати 100 кВт бўлган бир комплект энергия тежовчи қуёш панели станцияси ҳамда институт атрофини тунги ёритиш мақсадида 100 дона қуёш ёритиш қурилмаси харид қилиниб, бугунги кунда ушбу қурилмалардан самарали фойдаланилмоқда.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА