“Indorama Corporation” Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик саноати ривожи йўлида катта инвестиция киритган Сингапур компанияси ҳисобланади.
Компания Қўқон шаҳридаги “Indorama Kokand textile” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонаси, «Indorama Agro» пахта-тўқимачилик кластери фаолиятини йўлга қўйган. Шунингдек, Сингапур капитали иштирокидаги «Қўқон суперфосфат заводи» акциядорлик жамияти негизида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида олиб борилаётган ишлари янада эътиборлидир. Компания сўнги 10 йил давомида 0.5 млрд. доллар сармоя киритиб, 3000 ортиқ янги иш ўринлари яратишга эришди.
ЎзА мухбирининг «Авангард» лойиҳаси меҳмони –“Indorama Corparation” компанияси ижрочи директори Пракаш Кежривал билан суҳбати ушбу йирик компания томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида бўлди.
–Жаноб, суҳбатга рози бўлганингиз учун сизга ташаккур билдирамиз. “Indorama Corporation” компанияси асосан синтетик толалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Лекин компания томонидан Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасига инвестиция киритилган. Бунга сабаб нима?
– Мени «Авангард» лойиҳасига биринчи меҳмон сифатида таклиф қилганингиз учун миннатдорман. «Indorama» ҳақида гапирар эканмиз, у асли 45 йил аввал тўқимачилик компанияси сифатида ривожланган. Тўғри, ҳозирги кунда “Indorama” бизнеси кенгайди ва глобаллашди, 45 йил ичида биз ўсдик, лекин бизнинг асосий бизнес йўналишларидан бири сифатида ҳали ҳам тўқимачилик бизнеси муҳим роль ўйнайди. Биз ҳалигача дунёда йирик тўқимачилик саноати маҳсулотларини етказиб берувчи компания ҳисобланади.
Ўзбекистонга тўхталадиган бўлсак, нега биз айнан тўқимачилик соҳасига инвестиция киритдик? Чунки 12 йил аввал Ўзбекистонга кирганимизда кўрдикки, у йирик пахта етиштирувчи ва экспортёр давлат сифатида машҳур бўлган ҳамда пахтасини асосан ип-калава кўринишда экспорт қилган. Бу давлатнинг салоҳияти жуда катта, чунки пахтани экспорт қилишдан кўра, уни қайта ишлаб ривожлантириш биз учун жуда муҳим. Шунинг учун 12 йил аввал халқаро даражадаги ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик ва бу йўналишга инвестиция киритдик. Маълумки, 2022 йилга келиб Ўзбекистон тўқимачилик саноатида 3 миллиард доллардан ортиқ маҳсулотни экспорт қилишга эришди. Бу эса “Indorama” тўғри йўналишга инвестиция киритганидан далолат беради.
– Ҳар бир давлатнинг агро соҳасида ўзининг тажрибаси бўлади. Биз биламизки, сиз агро-кластер йўналишида фаолият олиб борасиз. Айнан бу борада ютуққа эришишда қандай тажрибадан фойдаландингиз?
– Сиз тўғри айтиб ўтингиз. “Indorama«ҳозирда агро саноат бизнесига кирди. Агро бизнес биз учун одатий йўналиш эмас. Ўзбекистондаги компаниямиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги биринчи корхонамиздир. Соҳага кирар эканмиз, уни трансформация қилишга ва 12 йил аввал тўқимачилик саноатини қандай ривожлантиришга киришган бўлсак, агро бизнесда ҳам айнан шу тажрибани қўлладик. Бу бизнинг биринчи тажрибадаги компаниямиз ҳисобланади, шунинг учун дунёнинг энг етакчи, яъни қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатлари тажрибасини ўрганишдан бошладик ва Ўзбекистонда барқарор қишлоқ хўжаликни ривожлантиришни бошладик. Биринчи навбатда АҚШга бордик, Австралия, Бразилия тажрибасини ўргандик ва бу соҳани ўрганганимиз сари ўша давлатларнинг энг етакчи тажрибаларини Ўзбекистонда қўллашни бошладик. Биз қишлоқ хўжалигида иш бошлашдан олдин жуда ҳам кўплаб изланишлар ўтказдик, кўплаб мутахассисларни Ўзбекистонга жалб қилдик. Юртингиз ўзига хослигини, ерини, сувини, қуёшини ва ҳамма тизимини ўрганиб чиқдик. Ўзбекистонда бу тажрибамиз биринчи марта бўлганлиги учун бу ерга энг етакчи технологияларни олиб келганмиз.
Ҳозирги кунда бу тажрибалардан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда ҳар битта йўналиш бўйича алоҳида ишлар олиб бордик. Мисол учун, пахта майдонига лазер билан ишлов бердик. Ўзбекистонда сув жуда муҳим, айниқса, қишлоқ хўжалигида. Буни ҳисобга олган ҳолда, биз томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйдик. Шўр ерларни қайта бойитиш, сифатли маҳсулот олиш мақсадида ерга ишлов бериш, шўрини ювиш ишларини олиб бордик ва шўрларини нейтраллаштириш учун кальций билан бойитдик. Шу билан бирга, зарарли ҳашаротларни камайтиришда биолабораторияларда етиштирилган фойдали ҳашаротлар билан курашиш лойиҳасини ишга туширдик. Натижада 2 та халқаро даражадаги биолаборатория фаолияти йўлга қўйилди. Бунинг учун халқаро ташкилотлар ва ривожланган давлатлар тажрибасини қўлладик. Биз қишлоқ хўжалигини трансформация қилишга интилмоқдамиз.
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш орқали унга янги билимларни олиб киришни мақсад қилдик. Шунингдек, мамлакатингизни глобал бозорга олиб чиқишдек мақсадларимиз бор.
– Ўзбекистонга инвестиция киритиш ва бу диёрда фаолият юритишнинг қулай томонлари нимада-ю, қийинчиликлари нимада?
– “Indorama” Ўзбекистон тўқимачилик саноатида йирик инвесторлардан бири ҳисобланади. Бунда нафақат тўқимачилик, балки агро бизнесга ҳам сезиларли инвестиция киритдик, шу билан бир қаторда,“Indorama” ўғитларни ишлаб чиқариш бизнесини Ўзбекистонда ривожлантирмоқда. Ҳозирги кунда Фарғонада азот бўйича ҳам иш олиб бордик ва “Indorama Kokand Fertilizers» компаниясини ишга туширдик.
Инвестиция қисмига келадиган бўлсак, Ўзбекистон табиий ресурсларга бой ва катта тажрибага эга мутахассислар бор, индустриал жиҳатдан ҳам барчаси мавжуд. Шу боис мамлакатингиз инвесторлар учун энг қулай давлат ҳисобланади. Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтишга катта аҳамият қаратди ва 2016 йилдан бошлаб ислоҳотлар яхши натижа берди. Бирор давлатга инвестор бўлиб кирар экансиз, ўша давлатда мавжуд барча имкониятларни баҳолайсиз ва қандай хавфлар борлигини ўрганасиз. Ҳар бир инвестор буни ҳисобга олади. Энг аввало Ўзбекистон инвесторлар учун хавфсиз.
Ўзингиз ва бизнесингизнинг ҳимояланганини сезсангиз, ўша давлатга кира оласиз. Бу унинг сармояси ҳимоя остида эканлигини билдиради. Ҳозир қийинчиликлар бор, деб айта олмайман, лекин имкониятлар етарли.
– Ип йигиришга ихтисослашган ушбу йирик қўшма корхонанинг бугунги имкониятлари, корхона жамоаси ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг географияси ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– “Indorama Kokand Textile” етакчи компаниялардан бири ҳисобланади ва у ерда 50 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади. Мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланган. Ишчиларнинг асосий қисмини аёллар ташкил қилади. Бизнесимизнинг асосий ғояси шаффофлик ва юқори сифатни таъминлашдир. Корхонада халқаро даражадаги хавфсиз ишлаб чиқариш тизими йўлга қўйилган, бу йўналишда ISO ва бошқа сертификатларга эга.
Ҳозирги кунда дунёнинг турли давлатларига экспорт амалга оширилса, биз шу давлат ва барча минтақаларга маҳсулот етказиб бериш имкониятига эгамиз. Кейинги қадамларимиз, албатта, технологик жиҳатдан компаниямизни янада ривожлантириш.
– 2020 йил ноябрь ойида Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг uza.uz сайтида «Indorama Corparation» компанияси ҳамкорликни янада кенгайтиради» сарлавҳали мақола чоп этилган. Унда қўшма корхонада мато, сочиқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифи билдирилган. Айтинг-чи, корхона ана шу таклифлар асосида имкониятларини кенгайтира олдими?
– Ҳозирги кунда “Indorama»нинг асосий мақсади ип-калава ишлаб чиқариш. Бу таклиф қачон муҳим бўлиши мумкин, қачонки, ип-калава сифатли бўлса. Ип-калава сифатли бўлса, сиз мато ҳам, тайёр кийим ҳам қила оласиз, лекин ип яхши бўлмаса, сифатли маҳсулот ишлаб чиқара олмайсиз. Хабарингиз бўлса, «Cotton Campaign» халқаро коалициясига уюшган 300 дан ортиқ хорижий брендлар Ўзбекистонга бойкот эълон қилган. Биз мулоқотга киришиб, уларни Ўзбекистон билан ишлашга ундадик. 2022 йил бошида бу бойкот ечилди. Бу имконият бизга нима берди? Бу бизга халқаро брендларни Ўзбекистонга олиб келиш ва уларга етказиб бериш занжирига киришга имконият яратди.
Уларга қандай сифатли маҳсулотларни етказиб берсак, деган мақсаддамиз. Бу мақсад йўлида «Better Cotton» сертификат тизимимиз бор. BCI сертификатлар қўйилган маҳсулотларимизни кўрган брендлар биз билан ҳамкорлик қилади. Чунки бу дунё тан олган тизим ҳисобланади. Биз BCI билан ишладик ва Ўзбекистон тарихида биринчилардан бўлиб сертификатни қўлга киритдик. Биз ички мато ва сочиқлар, тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга брендлар билан ишлашга катта имконият яратдик.
– Биламизки, компания синтетик толаларни ишлаб чиқаради ва шу йўналишда дунё бўйича машҳур. Айтинг-чи, Ўзбекистонда ҳам мазкур йўналишда ишлаш режангиз борми?
– “Indorama” дунёда йирик полиэстер ишлаб чиқарадиган корхона ҳисобланади. Ўзбекистонга бу бизнесни олиб киришни биз бир неча маротаба ўйлаганмиз, лекин бу лойиҳани ҳалигача амалга оширмаганимизнинг бир неча сабаблари бор. Булардан бири, бу рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришдан иборат. Чунки полиэстер толани ишлаб чиқаришда ишлатиладиган хом ашё Марказий Осиё ҳудудида мавжуд эмаслиги, уни импорт қилиш ва бу халқаро бозорда рақобатбардошлигини камайтиради.
Бу орада биз полиэстер толасини импорт қилиш ва полиэстер калава ва аралаш калава ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганмоқдамиз.
Синтетик толага талаб ошмоқда. Спандексни олиб кириш имкониятларини қидирмоқдамиз, «Inviya» брендимизни олиб кириш юзасидан ишлаяпмиз.
– “Indorama Kokand Textile” каби корхонани бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этиш ниятингиз борми?
– Қашқадарё вилоятида айнан қишлоқ хўжалиги бўйича лойиҳаларни амалга оширганмиз. Ҳудуд имкониятларидан келиб чиқиб, янги лойиҳани Қашқадарёда амалга оширишни режалаштирганмиз.
– Жаноб, мазмунли суҳбатингиз учун катта раҳмат.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди, Дониёр ЯКУБОВ (видео).