Пойтахтимизда Ўзбекистон – Озарбайжон ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов, Озарбайжон Республикаси томонидан эса иқтисодиёт вазири Микайил Жабборов делегацияларга раҳбарлик қилди.
Форумда, шунингдек, икки мамлакат вазирлик ва идоралари, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, Савдо-саноат палаталари раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди.
Форумда мамлакатларимизда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, талабга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва истиқболли бозорларга олиб чиқиш мақсадида саноат кооперациясини кенгайтиришда катта салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Шу боис икки давлат тегишли вазирликларининг қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳар қандай зарур ёрдамни кўрсатиш зарур.
Шу ўринда айтиш керак, савдо алоқаларини кенгайтириш ва ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш мақсадида яқин келажакда икки мамлакат бозорларига талабга эга маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, мунтазам савдо ва бизнес миссияларини ўтказиш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш учун платформалар яратиш режалаштирилган.
Айтиб ўтиш жоиз, ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон учун устувор йўналишларда иқтисодий шерикликни изчил кенгайтиришга, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Рақамларга эътибор қаратсак, 2022 йил июль ҳолатига кўра, Ўзбекистон ҳудудида Озарбайжон капитали иштирокида 243 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 86 таси қўшма ва 157 таси юз фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир. Уларнинг аксарият қисми машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, энергетика, енгил саноат, озиқ-овқат тармоғи, заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва таъмирлаш, молия ва суғурта, кўчмас мулк операциялари, хизмат кўрсатиш, савдо йўналишларида фаолият юритади.
– Компаниямиз пластик трубалар, автомобиль эҳтиёт қисмлари, панель радиаторлари каби уч юздан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаради, – дейди Озарбайжоннинг “Jahon HOLDING” компанияси директори Эмил Расулов. – Компаниямизнинг Тошкент шаҳрида ҳам вакили бор ва биз Ўзбекистон бозорига янги эмасмиз. Ўзбекистон бозори биз учун жуда жозибали, шу билан бирга, янгиликка эътиборли. Эндиликда ўзбек тадбиркорлари билан ҳамкорликни кенг йўлга қўймоқчимиз. Бугунги бизнес-форуми доирасида панель радиаторлари ва пластик трубаларни ишлаб чиқишни йўлга қўйишга доир шартнома имзоладик.
Тадбирда сўзга чиққанлар ҳудудлараро ҳамкорлик доирасида янги лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидлади. Йиғилиш давомида Бухоро ва Ланкарон, Хива ва Шуша, Қўқон ва Шеки, Самарқанд ва Ганжа шаҳарлари ўртасида қардошлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан қатор муҳим ҳужжатлар, Тошкент ва Боку ўртасидаги ҳамкорлик бўйича “Йўл харитаси” имзоланди. Шу билан бирга, лойиҳаларни муваффақиятли ва ўз вақтида молиялаштириш мақсадида устав капитали 500 миллион доллар бўлган қўшма Инвестиция жамғармасини ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланди.
Форумда икки мамлакат ҳудудлари раҳбарлари ҳам сўзга чиқди. Улар ҳудуд ва тармоқларнинг саноат ва инвестициявий салоҳиятининг тақдимотларини ўтказди. Ҳар икки давлат иқтисодиётларининг бир-бирини тўлдириши тамойилига асосланиб, автомобилсозлик, пахта ва тўқимачилик саноати, ипакчилик, қурилиш материаллари ва заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, нефть-кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати каби соҳаларда саноат кооперациясини янада чуқурлаштириш бўйича ишларни фаоллаштиришга келишиб олди.
Тадбир доирасида иштирокчиларнинг B2G ва B2B форматидаги учрашувлари ҳамда Ўзбекистон – Озарбайжон ишбилармонлар кенгашининг 3-йиғилиши ташкил этилди.
Форум якунлари бўйича ҳар икки мамлакат ҳудудий ривожланишининг тармоқларида жами 11 та савдо-иқтисодий ҳужжат имзоланди.
Гўзал Сатторова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА