Бугун Покистон Ислом Республикаси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Покистон молия вазири Исҳоқ Дор билан учрашди.

Транспорт ва логистика, ўзаро товар айланмаси, сармоявий ва саноат кооперацияси, банк иши каби устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболи муҳокама қилинди.

Ўтган йил 240 миллион долларга етган Ўзбекистон – Покистон савдо миқдорини янада ошириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Томонлар товар айирбошлашни кўпайтиришга асосланган зарур шароитлар яратиш мақсадида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни амалда жорий этиш ва транспорт йўлакларини диверсификация қилишни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинишини қўллаб-қувватлади.

Мулоқот давомида трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилишини тезлаштириш бўйича келишувга эришилгани яхши янгилик бўлди. Мультимодал юк ташиш миқдорини ошириш, маҳсулотларни учинчи давлат бозорларига биргаликда экспорт қилиш мақсадида ҳар икки мамлакат ҳудудларида терминаллар яратиш хусусида сўз юритилди.

Марказий банклар ўртасида SWAP операциялари механизмини жорий этиш, икки мамлакат молия институтлари ўртасида вакиллик банк муносабатини ривожлантиришга ҳам келишилди.

Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган йўналишлар юзасидан ҳамкорликни кенгайтиришга содиқ эканини тасдиқлади.

Б.Худойбердиев, ЎзА