Бугун, 25 февраль куни Германиянинг Дюссельдорф шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “WR Chess Masters” турнирининг сўнгги 9-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Ортда қолган саккизта тур натижаларига кўра, 5 очкога эга ҳиндистонлик Доммараджу Гукеш ва АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Левон Аронян етакчилик қилмоқда.
Кеча ўтказилган 8-турда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов нидерландиялик Аниш Гирига қарши қора доналарда ҳаракатланиб, дурангга эришди ва очколари сонини 3,5 тага етказиб, кучли олтиликдан жой олди.
Ўтказилган турларда ўн нафар энг кучли шахматчиларнинг узаро ҳисоб-китобини таҳлил этадиган бўлсак, 7-тургача Аронян етакчилик қилиб келаётган эди. Аммо, айнан ушбу турда унинг Непомняшийдан мағлуб бўлиши ҳамда ҳиндистонлик Гукеш россиялик Есипенкони қора доналарда таслим этиши ҳиндистонлик шахматчининг етакчилигини таъминлади.
Бугун ўтказиладиган 9-тур баҳсларида Аронян – Гукеш учрашуви мусобақа ғолибини аниқлашдаги муҳим ўйин саналади. Шунингдек, 4,5 очко билан 3-ўринда бораётган Непомняший ҳам биринчи ўриндан умидини узганича йўқ. Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) байроғи остида ҳаракатланаётган россиялик шахматчи ушбу турда қора доналарда германиялик Каймерга қарши дона суради.
Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов халқаро мусобақанинг сўнгги турида “WR Chess Masters” турнирида 4-ўринда бораётган америкалик Уэсли Со билан рўбарў келади.
Т.Рўзиев, ЎзА