Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги «Буюк турон» кичик саноати зонасида бўлди.

Бу ерда ҳозирча 2 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 500 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Жорий йил охирига қадар яна 2 та лойиҳа ишга туширилади ва умумий иш ўринлари сони 1 минг 500 тага етади.

Ўтган йили фаолият бошлаган “Алп Техно Сервис” масъулияти чекланган жамияти йилига 120 минг дона телевизор ва мониторлар ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхона JVC, TCL, Zimmer ва бошқа брендларнинг аудитидан ўтиб, шу номлар остида ташқи бозорга чиқмоқда. Ўтган йили 3 миллион доллар маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 6 миллион долларга етказиш режа қилинган.

Бу ерда 70 та иш ўрни яратилган. Яқинда плата териш ҳамда пластик қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва яна 30 та янги иш ўрни яратилади.

Президент электротехника маҳсулотлари, уларни ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди. Корхона ишчилари билан суҳбатлашди.