«Тараққиёт стратегияси» марказида юртимизга амалий ташриф билан келган Ҳиндистон мудофаани бошқариш коллежи олий курси тингловчилари учун Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мазмун-моҳияти юзасидан тақдимот ўтказилди.
Тақдимот давомида “Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистон сўнгги беш йилда Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ҳар бир йўналиш доирасида барқарор ўсиш суръатларига эришганлигини таъкидлади. Қайд этилганидек,Ўзбекистон фуқароларнинг турмуш фаровонлиги юксалаётган мамлакат сифатида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган халқчил ислоҳотлар узвий давом эттирилиб, еттита йўналиш, юзта мақсадни қамраб олган.
Тараққиёт стратегиясининг еттинчи – Мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат олиб бориш йўналиши доирасида Жанубий Осиё, Осиё-Тинч океани, МДҲ, Европа Иттифоқи ва Америка мамлакатлари, шунингдек Яқин, Ўрта Шарқ ва Африка минтақалари давлатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик янада жадаллашмоқда.
Албатта, Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё минтақаси мамлакатлари билан сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлигининг кенгайишида Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик алоқаларининг ўрни муҳим аҳамиятга эга.
Тақдимот якунида ҳиндистонлик тингловчиларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди.
М.Қосимова, ЎзА