Қорақалпоғистон Республикаси юридик техникумида “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида “Судья ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси К.Тарихов, Маъмурий суди раиси А.Нурлипесов, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари М.Абдижалиев ва бошқалар иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорининг 12-бандига мувофиқ мамлакатимизда жорий йилнинг 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари” ҳафталиги ўтказилмоқда.
Тарғибот ҳафталигини муносиб ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, прокуратура, Адлия ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан маҳаллаларда “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида “Судья ва ёшлар” учрашуви, шунингдек, барча таълим ташкилотларида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида “Ахборот соати” ва “Маънавият соатлари” ташкил этилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш, ҳимоя қилиш ва уларга риоя қилиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси доирасида шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш борасида мақсадли чоралар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимни такомиллаштириш юзасидан муҳим қадамлар қўйилмоқда. 2020-2024 йилларда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичи амалга оширилмоқда. Ушбу босқич ёшларни тенглик, инсон ҳуқуқларига амал қилиш ва камситмаслик руҳида тарбиялаш ҳамда инклюзив, тинч ва осойишта жамиятни яратишга имкон берувчи таълим беришга қаратилгандир.
Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги қарори асосида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур Миллий таълим дастурининг асосий мақсади — Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги Декларацияси қоидалари ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш, шунингдек, аҳолининг барча қатламларининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги миллий ва халқаро стандартлар тўғрисида хабардорлигини, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборатдир.
Шунингдек, учрашув давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишнинг мутлақо янги тизими яратилганлигини, фақат жазолаш билан қўрқитиб, ҳуқуқбузарликларнинг оқибати билан курашиш эмас, балки ноқонуний ҳаракатлар содир этилишининг барвақт олдини олиш энг долзарб вазифага айланганлиги қайд этилди. Келажакда порахўрлик жиноятига йўл қўймаслик мақсадида ҳар бир инсон ҳалол, виждонли, холис ва одил, фақат қонунга сўзсиз бўйсунган ҳолда вазифаларини амалга ошириши, хар қандай ножўя ҳаракатлардан ўзларини тийиши шарт.
Учрашув якунида ёшларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб берилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири