Тошкент шаҳрида “Парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва аҳолининг хабардорлигини оширишдаги ўрни” мавзусида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш маданиятини шакллантириш масалаларига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази, Фридрих Эберт номидаги жамғарма билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати сенаторлари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари, академик ҳамжамият вакиллари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус аъзолари иштирок этди.

Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга жалб қилиш, аҳоли хабардорлигини ошириш каби масалалар асосий мақсад этиб белгиланган.

Маъруза ва муҳокамалар мобайнида экспертлар томонидан давлатимиз раҳбари сўнгги етти йил ичида БМТ Бош Ассамблеяларида умумбашарий муаммолар ечимига оид ўндан зиёд ташаббуслар билан чиққани ва энг муҳими мазкур ташаббусларнинг барчаси Бош Ассамблея томонидан тўла қўллаб-қувватлангани, тегишли резолюциялар қабул қилингани қайд этилди.

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда Парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Тадбир дастурига мувофиқ, “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш соҳасида Ўзбекистон сиёсати: парламент, ижроия ҳокимияти ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг долзарб масалалари”, “Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида аҳоли хабардорлигини ошириш”, “Барқарор ривожланиш мақсадлари мониторинги: Фуқаролик жамияти институтларининг ихтиёрий миллий ҳисоботларни ишлаб чиқишда ҳозирги ва келажакдаги иштироки” мавзуларида маърузалар тингланди.

Барқарор ривожланиш маркази нодавлат нотижорат ташкилоти Германиянинг Фридрих Эберт номидаги жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилган “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш орқали жамиятнинг барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида хабардорлигини ошириш” лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.

Якунда БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди.


Беҳруз Худойбердиев, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА