Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг таклифига биноан 20-21 февраль кунлари расмий ташрифи жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўлди.

Ҳар қандай давлатнинг иқтисодиёти ривожи халқаро сиёсий майдондаги ўзаро шериклик ҳамда манфаатли муносабатларига боғлиқ.

Миср Араб Республикаси азалдан тарихи, маданияти, қадриятлари, цивилизацияси билан дунё халқлари маданиятининг ривожланишига муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган давлатлардан бири ҳисобланади.

Бу тарихий учрашувнинг асосий мақсади ўзаро инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитларни яратишдан иборат. Икки давлат иқтисодиёти бир-бирини тўлдириб турувчи хусусиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, 5 та аниқ йўналиш – газ-кимё, тўқимачилик, электротехника, заргарлик ва фармацевтика тармоқлари йўналишида ҳамкорликда ишлаш чоралари белгилаб олинди. Саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда юқори рентабелли ҳамкорликда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш мақсадида Ўзбекистондаги эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш тавсия қилинди.

Энергетика соҳасида қўшма режаларни амалга ошириш, шунингдек, Ўзбекистон ҳамда Миср Араб Республикасини боғлаб турган транспорт йўлларини ривожлантириш чоралари ҳам муҳокама қилинди. Маданий-гуманитар, шунингдек, диний алоқаларни ривожлантиришнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди. Араб тили мутахассисларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни юқори босқичга олиб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистон Президенти 2024 йилда “Арабшунослик глобал форуми” ни биргаликда ташкил қилишни тавсия қилди.

Президентлар Мисрнинг “Назар – 2030” стратегик режаси ва «Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси» доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзаро узвий боғлиқлигини таъкидлашди.

Халқларимизни умумий дин, бири-бирига яқин дастур ва урф-одатларга асосланган азалий дўстлик алоқалари боғлаб туради. Ушбу муносабат билан илм-фан ва таълим алмашинувлари, умумтарихий ҳамда маданий меросларимизни биргаликда ўрганиш, ёшлар ўртасидаги ижодий алоқаларни кенгайтириш масалалари икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорлик кун тартибида алоҳида ўрин эгаллаши қайд этилди. Ўзбекистон – Миср муносабатида ҳар бир соҳада имзоланган шартномалар ҳамда ҳамкорлик эртанги кунимизда Янги Ўзбекистонни қуришда ўзининг муносиб натижасини беради.

Қ.Юсупов,  

Нaвoий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти директорининг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари  

ЎзА