Жорий йил 23 февраль куни «Қишлоқ хўжалигида аҳоли бандлигини ошириш ва ер участкаларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжатга асосан, 2023 йил 1 апрелдан 2024 йил 1 майгача эксперимент тариқасида республика бюджетидан пахта ёки ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларига улар ишчиларининг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари бўйича тўланган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини қуйидаги шартларга риоя қилинганда қайтариб бериш тартиби жорий этилади:
–қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ҳар бир гектар ер учун ойига камида 1 нафар ишчининг бандлиги таъминланганда;
–ҳар бир нафар ишчи учун ойига меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда белгиланганда;
–пахта ёки ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалиги ўтган йил якуни бўйича Солиқ кодекси талабларига жавоб берганда.
Шунингдек, 2023 йил 1 апрелдан тадбиркорлар янги қурилган кўп қаватли ишлаб чиқариш бинолари, шу жумладан 2023 йил 1 январдан кейин фойдаланишга топширилган бинолар юзасидан уларнинг мол-мулкига ҳисобланган суммани қуйидаги пасайтирувчи коэффициентни қўллаган ҳолда, бино фойдаланишга топширилган ойдан бошлаб 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тўлайди:
- 3 қаватли бинога – 0,9;
- 4 қаватли бинога – 0,8,;
- 5 қаватли бинога – 0,7;
- 6 қаватли бинога – 0,6;
- 7 ва ундан юқори қаватли бинога – 0,5.
ЎзА