Ота-онаси ажрашиб, уларнинг ёлғиз фарзанди бўлмиш Мансур кекса бувиси Фазилат аянинг (исмлари ўзгартириб берилмоқда) тарбиясида қолди. Мансурнинг отаси бойвачча жувонга «кўнгил қўйиб», ўша аёлникида яшаб қолди.

Энди 16 ёшни қаршилаган Мансурнинг ҳолидан на отаси, на онаси хабар оларди, Мансур эса мактабга ҳохласа борадиган, ҳохламаса бормайдиган, кекса бўвисини ҳар хил баҳоналар билан алдаб, кўча болалари билан бемаҳал сайр қиладиган, илтимосларга биноан «разборка»ларни ҳал қилиб берадиган одат чиқара бошлади.

Кунларнинг бирида, Мансур кечаси соат 1:00 ларда туман марказидаги «Адил» кафе биноси ёнидан пиёда ўтиб бораётиб, кафе олдида ширакайф ҳолда турган қўшни маҳаллада яшовчи Отабекни кўриб қолди. Шунда Мансур унга бир кун олдин тенгдош қўшниси Бобурнинг Отабек уни ҳафа қилгани учун ундан ўч олиб беришни сўраган илтимоси эсига тушиб қолди.

Сўнг, Мансур Отабекнинг ёнига бориб, унда гапи борлигини, чеккароққа чиқиб гаплашиб олишни таклиф қилади. Иккаласи пана ва қоронғу жойга чиққач, теварак-атрофда ҳеч ким йўқлигидан ва Отабекнинг эътиборсиз турганлигидан фойдаланиб, Мансур тўсаттан Отабекнинг танасининг турли жойлари уриб-тепиб, беҳуш ҳолатга келгунча калтаклаб, унга оғир даражадаги тан-жароҳати етказади.

Ички ишлар ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари туфайли Мансур тонггача қўлга олиниб, суд ажрими билан қамоққа олинади.

Суд мажлисида Мансур қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчидан кечирим сўрашини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради. Жабрланувчи ҳам судланувчига кечирим беришини, унга келтирилган моддий ва маънавий зарарлари қопланганлигини инобатга олиб, судланувчига енгиллик беришни сўради.

Мансур Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 104-моддаси
2-қисми «е» банди, яъни безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказганликда айбли деб топилиб, унга 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд томонидан жабрланувчининг кечирим бериб, даъвоси йўқлигини билдиргани, шунингдек Мансурнинг яшаш жойидаги маҳалла оқсоқоли ва ёшлар етакчиси томонидан кафилликка олиш тўғрисидаги илтимосномалари инобатга олиниб, Мансурга бир имкон берилди ва 2 йил синов муддати белгиланди.

Мансур ўзига берилган имкониятдан тўғри фойдаланиб, тўғри ҳаёт йўлини танласа яхшику я, лекин «ўрганган кўнгил ўртанса қўймас» қабилида иш тутишни давом эттирса, афсус қилиши тайин…

 

И.Алланиязов,

Жиноят ишлари бўйича Хўжайли туман судининг раиси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги