ФОТОРЕПОРТАЖ

Республика Маънавият ва маърифат маркази Сурхондарё вилоят бўлими ташаббуси билан Олтинсой туман ҳокимлиги ҳамкорлигида тумандаги Тоғай Мурод маҳалласида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Мурод ҳаёти ва ижодига бағишланган “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, туман ҳокими, туман Маънавият ва маърифат кенгаши вакиллари, секторлар раҳбарлари, ижодкорлар, ўқувчи-ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ZOOM платформаси орқали Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг турмуш ўртоғи Маъсума Аҳмедова онлайн қатнашди.

Тадбирда сўз олганлар ёзувчининг ҳаёти ва ижоди, асарларида миллий қаҳрамонлар, миллий дунёқараш, маънавият ва қадриятларга доир долзарб мавзу-муаммоларни кўтариб чиқилгани ҳақида сўз юритди.

Ўқувчи-ёшлар томонидан адибнинг асарлари асосида саҳналаштирилган кўринишлар ҳамда миллий куй-қўшиқлар ижро этилди.

Якунда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан фаол иштирокчиларга ташаккурнома ва бадиий китоблар топширилди.

– Тоғай Муроднинг ёди халқимиз хотирасида мангу яшайди, – дейди Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Наргиза Раҳматуллаева. – Ёзувчининг халқимиз кўнглидан жой олган бетакрор асарлари ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, юртга муҳаббат туйғусини шакллантиришда ҳамда кенг китобхонларнинг мутолаага бўлган эҳтиёжини қондиришда туганмас хазина бўлиб хизмат қилмоқда.


Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ  (сурат), ЎзА