Ушбу асар муаллифи – Ўзбекистон халқ шоири, Алишер Навоий номидаги давлат мукофоти лауреати, “Дўстлик” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари соҳиби Шукрулло (Юсупов)ни танимайдиган зиёли, китобхон бўлмаса керак.

Адибнинг “Кафансиз кўмилганлар” асари 1951 йилларда ёзила бошлаган бўлса-да, истиқлол шабадалари эса бошлаган 1991 йилларга келибгина дунё юзини кўради.

“Кафансиз кўмилганлар” – Шўролар замонида “Ватан хоини”, “босмачи”, “чет эл жосуси” каби тамға, бўҳтонлар билан Сибирларга сургун қилинган, йўқ қилинган Туркистон зиёлилари ҳақида.

Маълумот учун, биргина 1937 йил 10 августидан 1938 йил 1 январигача бўлган вақтда Ўзбекистон бўйича жами 10700 киши “босмачи” деган тамға билан қамоққа олинган. Улардан 3613 киши отувга, 7087 нафар инсон 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

НКВДнинг қирғин машинаси, ҳатто уруш даврида ҳам тўхтамаган. Ўзбек халқи Иккинчи жаҳон урушида ҳам жони, ҳам моли билан мислсиз фидойилик кўрсатишига қарамасдан 1950 йилга келиб унинг бир қатор зиёли фарзандлари “давлат хоини”, “чет эл жосуси” деган туҳматлар билан қамоққа олинади. Минг-минглаб бегуноҳ инсонлар Россиянинг энг чекка ва совуқ ўлкаларига сургун қилинади.
Шукрулло домла ана шундай буҳтонга учраган зиёлилардан эди.

“Бордию кимдир менга бу кўргиликлар бирон пайт ота-онангнинг дилини ранжитганинг, озор берганинг учун деса, уларнинг оёқларига йиқилиб тавба-тазарру қилишга, ҳатто ҳар қандай жазога ҳам рози бўлардим. Аммо ўз ватаним, халқимга эса асло хиёнат қилган эмасман! Агар шундоқ бўлганда ўлимимга рози эдим” дея ёзади адиб.

Романни қардош турк тилига Шуайип Каракаш ағдарган.

Китоб дебочасида шундай битикка дуч келасиз:

“Бу китоб озод Туркистон йўлида қизилларнинг ўқларига нишон бўлган “Кафансиз кўмилганлар”-“Тирик руҳлар” – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ғози Юнус ўғли, Усмон Носир, Убайдулло Хўжаев каби маъсум ва мазлум миллионларнинг азиз хотираларига бағишланади”…

Ҳа, “Кафансиз кўмилганлар” – ноҳақ қурбон бўлган, суд ҳукмидан бурун ном-нишонсиз йўқ қилинган – тирик руҳлар, асл ўғлонлар ҳақида.

Бу асар – эгилган, букилган аммо синмаган ҳақиқат, мустаҳкам ирода ҳақида…

ЎзА