Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда меҳнат ресурслари балансини замонавий ёндашувлар асосида шакллантиришнинг янги механизмларини жорий этишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Ушбу қонун лойиҳаси бўйича Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири ўринбосари Эркин Муҳитдинов маъруза қилди:  

— Мамлакатимизда меҳнат ресурслари балансини шакллантириш тартибини такомиллаштириш, норасмий бандлик улушини қисқартириш ҳамда ўзини-ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун солиқ суммасининг ҳар ойлик тўлови белгилангани, шахсий томорқа ер участкасида ўзини-ўзи банд қилган фуқароларнинг ижтимоий солиқ тўловларини ҳамда уларнинг меҳнат стажини ҳисоблашдаги мавжуд айрим ноқулайликлар соҳани ривожлантиришга тўсиқ бўлмоқда. Қонун лойиҳаси билан мазкур муаммоларни бартараф этиш кўзда тутилмоқда.

Хусусан, лойиҳада чорвачилик, иссиқхона, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга ўзларига тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдонининг ҳажми ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъи назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши, соҳаларда ижтимоий солиқнинг белгиланган миқдорини тўлаш фуқароларнинг меҳнат стажини ҳисоблашда бир календар йили деб ҳисобга олиниши таклиф этилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, ушбу қонун лойиҳаси якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар ҳамда шахсий томорқа ер участкасида ўзини-ўзи банд қилган фуқароларнинг ижтимоий солиқ тўловлари ва уларнинг меҳнат стажини ҳисоблашдаги муаммоларни бартараф қилишга хизмат қилади.


М.Комилова, ЎзА