Бугунги глобаллашув замонида, тезкор даврда халқаро майдонда юз бераётган муҳим, долзарб воқеалар бисёр. Бинобарин, ЎзА одатда ўқувчилар учун энг қизиқарли бўлган мавзуларга мурожаат қилади кўп. «Ташриф» дастурининг навбатдаги сонида Марказий Осиё минтақасида содир бўлаётган ҳодисалар тафсилотини сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан биргаликда таҳлил қиламиз.

– Камолиддин ака, суҳбатимизни Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги бугунги муносабатдан бошласак. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 26-27 январь кунлари Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров таклифига биноан ушбу мамлакатда бўлиб қайтди. Давлат ташрифи доирасида қатор муҳим мавзулар кўтарилди. Жумладан, сарҳадлар, сув ресурслари масаласига урғу берилди. Шу нуқтаи назардан бугун икки мамлакатнинг сиёсий-дипломатик йўналишдаги ижобий натижалари нималарда кўринади?

– Собиқ иттифоқ давридан кейин Марказий Осиё давлатлари ўртасида чегара мақомини, яъни сарҳадларни аниқ белгилаш, маҳаллий чегарадош аҳоли ўртасидаги зиддиятларни йўқотиш муҳим сиёсий вазифага айланди. Шу боис Марказий Осиё минтақасида интеграциянинг аҳамиятини англаш, бирликка интилиш тафаккури борган сари кучайиб борди. Бунинг сабаби мавжуд, албатта.

Шу аснода Ўзбекистон ва Қирғизистон учун, бир томондан, чегара мақомини узил-кесил аниқлаш, ўртада ҳеч қандай савол қолдирмаслик, иккинчидан, сув ресурсларини тақсимлаш борасида келишувга эришиши диққат марказига чиқди. Энг муҳими ҳозир шу мақсадга эришилди.

Эҳтимол, Ўзбекистон жамоатчилигида ҳам, Қирғизистон жамоатчилигида ҳам “биз муайян позицияни қўлга кирита олмадик, айрим позицияларни бериб қўйдик” деган фикр уйғонгандир ва бу табиий ҳол. Зеро, ҳар бир давлатда ўзига хос қарашлар бўлиши, назаримда, йирик жамият учун одатий ҳол. Қолаверса, айни ҳолат жамиятнинг ички инстинкти ривожланганини кўрсатади. Аввало, икки давлат ўртасидаги мана шу келишувнинг ўзи муҳим аҳамиятга эга. Хуллас, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида мана шундай спекуляцияга олиб келиши мумкин бўлган ёки маҳаллий аҳолини бир-бирига қарши гиж-гижлаши ёки қандайдир тўқнашувга сабабчи бўладиган масала, деярли, қолмади.

– Сиз узоқ вақт Европа Иттифоқи таркибидаги Францияда истиқомат қилгансиз. Кўҳна қитъадаги муҳитни, жамоатчиликни кузатиб борганингиз ҳам аниқ. Айтингчи, Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё қандай аҳамиятга эга?

– 2021 йилга қадар Марказий Осиёнинг аҳамияти икки хил мезонда ўлчанар эди. Биринчиси – геосиёсат, яъни минтақанинг сиёсий, геосиёсий мустақиллигини парваришлаш ва шунинг ҳисобга Россия ёки Хитой сингари улкан юртлар таъсирига тушиб қолмаслик, мамлакатнинг ўзлаштирилишига имкон бермаслик керак эди.  

Биламиз, инсоният тарихи геосиёсий қудратли давлатлар, қудратли ҳокимият марказларининг ўзаро курашувидан иборат. Демак, имкон қадар минтақада Россия ва Хитойни “тийиб туриш” учун минтақа давлатлари билан ҳамкорлик жуда зарур.

Иккинчи йўналиш – Афғонистон. Охирги йигирма йилда Aфғонистон дунёдаги энг йирик уруш майдони бўлди, дейиш мумкин. Ғарб, яъни AҚШ ва Европа Иттифоқи биргаликда Aфғонистонда нормал давлатни шакллантиришга ҳаракат қилди. Aфғонистонга кириб бориш, доимий алоқани ушлаш учун учта жиддий қўшни давлат мавжуд. Булар Покистон, Эрон ва инфраструктура, йўл-транспорт йўлаги нуқтаи назаридан, албатта, Ўзбекистон.

Марказий Осиё катта минтақа, ҳудуд нуқтаи назаридан макро ҳудуд. Aҳолиси саксон миллион атрофида ва шунинг учун ҳам Европа Иттифоқига глобал хавфсизлик, геосиёсат, энергетика, инсоний ресурс ва айнан глобаллашган дунёда хавфсизлик локал бўлмайди. Зеро, қитъанинг бирор жойида уруш, нотинчлик ёки мураккаб ижтимоий вазият ҳукмрон экан, қолган минтақалар, давлатлар ривожланишига ҳам салбий таъсир қилади. Ҳеч бўлмаганда қочқинлар мисолида. Буни биз Сурия, Ироқ, Aфғонистон мисолида яққол кўрдик.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг YouTubeдаги каналида кўришингиз мумкин.


Ўткир Алимов, Нишонбой Абдувоитов (видео), ЎзА