Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Судларда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар билан боғлиқ ишларни кўриш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Унда депутат Дилбар Мамажонова ер участкалари билан боғлиқ муаммолар кўплигини билдирди:

 

– Жойлардаги ўрганишларимиз давомида ер участкалари билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар бўлади. Фермерларга узоқ муддатга фойдаланишга берилган ерлар улар томонидан фуқароларга уй-жой қуриш учун берилган. Фуқаролар ҳоким қарори билан ерни олиб, уй қурган, кадастр ҳужжатларини расмийлаштирган. Аммо бугунги кунда уларнинг уй-жойлари ўзбошимчалик билан ўзлаштирилган ер сифатида тортиб олинмоқда ёки жаримага тортилмоқда. Бу каби ҳолатларда фуқаро нима қилиши керак? Қўлида ҳужжати бўла туриб, уйсиз, ерсиз кўчада қоладими? Бундай ҳолатда уларнинг давлатга ишончи сўнмайдими?, – деди депутат.

Гап шундаки, мазкур қонун лойиҳаси билан юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар юзасидан давлат манфаатлари билан боғлиқ ишларда прокурорнинг мажбурий иштирок этишини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

— Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 17-моддасида ерга бўлган мулкчилик шакллари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари белгиланган, — деди Ўзбекистон Республикаси Олий суди департамент бошлиғи Отабек Исмоилов. — Унга кўра, юридик шахслар ушбу кодексга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мулк, доимий фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлиши мумкин. Суғориладиган ерларда уй-жой қуриш мумкин эмас. Аммо қанча суғориладиган ердарда уй-жой қурилгани, бу озиқ-овқат таъминотига қандай таъсир кўрсатиши ўрганиладиган бўлса, масала ойдинлашади. Ушбу қонун лойиҳасига кўра, судлар томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар юзасидан давлат манфаатлари билан боғлиқ ишларда прокурорнинг мажбурий иштирок этиши белгиланмоқда. Бу ерга оид ишларни кўриш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Қонун лойиҳаси юзасидан муҳокамаларда сўз олган депутатлар ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар юзасидан давлат манфаатлари билан боғлиқ ишларда прокурорнинг иштирок этиш зарурати нимада, прокурорнинг давлат манфаатлари нуқтаи назардан иштирок этиши фуқароларнинг зарарига ишламайдими, бунда фуқаролар жабрдийда бўлиб қолмайдими каби саволларни ўртага ташлади.

Олий суд вакилларининг таъкидлашича, ўрганишлар давомида 2 миллион 700 та ноқонуний қурилмалар аниқланган. Бу борада кўплаб мурожаатлар бўлади. Ўрганилса, ҳужжатлари ҳам сохта бўлиб чиқади. Суд ана шу каби сохта ҳужжат қилинган уй-жойлар масаласидагина фуқароларнинг зарарига қарор чиқариши мумкин.

— Қайсидир мансабдор шахс ўз ваколатини суиистеъмол қилиб, ер сотган, кимдир кадастр ҳужжатини тайёрлаб берган, лекин жавобгарликка келганда, яна фуқаро жабр кўради, — деди депутат Мақсуда Ворисова. — Фуқаро ўзича даланинг ўртасидан уй қуриб олмайди, кимдир рухсат бергани учун қуради. Шундай экан, ерни ноқонуний сотган масъул жавоб бериши лозим.

Қизғин баҳс-мунозараларда бу каби ҳолатларда ҳужжатларнинг қонунийлиги ҳамда одил судловни таъминлашда прокурорнинг ўз ваколати доирасида иштироки муҳим экани таъкидланди.


Муҳтарама Комилова, ЎзА