Ҳуқуқий муносабат

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 31-моддасига мувофиқ, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор – ЯТТ ҳисобланади.

Хўш, якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ солинадими? Якка тартибдаги тадбиркорларнинг бошқа тадбиркорлардан қандай фарқи бор? Уларга қандай имтиёзлар берилган?

Бу борадаги саволларга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси раҳбари Отабек Нарзиев жавоб берди.

– Нормага кўра, фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир.

Якка тартибдаги тадбиркорлар жисмоний шахс ҳисобланади. Якка тартибдаги тадбиркор тадбиркорлик фаолияти билан юридик шахс ташкил этмаган ҳолда шуғулланади. Яъни, якка тартибдаги тадбиркорнинг алоҳида ташкилоти мавжуд бўлмайди. ЯТТ ўз фаолиятини амалга оширишда шахсий иш ҳужжатлари бланкаларидан, муҳр, штамплардан фойдаланишга ҳақли.

Якка тартибдаги тадбиркорлик якка тартибдаги тадбиркор томонидан мустақил, мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек, мол-мулкка эгалик қилиш ёки ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширилади.

– Якка тартибдаги тадбиркорлар қандай тартибда солиқ тўлайди?

– Бир календар йили давомида ЯТТнинг олган даромади 100 миллион сўмгача бўлса, қатъий белгиланган тартибда солиқ тўлайди. Бир календар йилида олган даромади 100 миллион сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан ошмайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар товар айланмасидан олинадиган даромад ҳисобидан солиқ тўлашга ўтказилади.

Шунингдек, бир календар йилида товарлар айланмасидан олинган даромади 1 миллиард сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар солиқларни юридик шахслар учун белгиланган тартибда тўлашга ўтказилади.

Уларнинг жойлашган жойи ва фаолият туридан келиб чиқиб, Тошкент шаҳридаги тадбиркорлар учун алоҳида, вилоят марказидаги тадбиркорлар учун алоҳида ва чекка ҳудудлардаги тадбиркорлар учун алоҳида қатъий белгиланган солиқ ставкаси белгиланган.

– ЯТТлар учун қандай имтиёзлар берилган?

– ЯТТлар фаолиятини бошлагандан кейин бир ой давомида солиқлардан озод этилади. Шунингдек, I, II гуруҳ ногиронлиги бўлган ЯТТлар белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида солиқ тўлайди.

Агар ЯТТ 2 ёки ундан ортиқ фаолият тури билан шуғулланса (яъни бир пайтда ҳам чакана савдо, ҳам хизмат кўрсатиш) ҳар бири учун алоҳида белгиланган қатъий ставкада солиқ тўлайди, аммо базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида умумий битта ижтимоий солиқ тўлаши белгиланган.

ЯТТ ўз фаолият туридан келиб чиқиб, 1 нафардан 3 нафаргача ишчи ёллаш имкониятига эгалиги, яъни чакана савдо билан шуғулланадиган тадбиркор 1 нафаргача, маиший хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи тадбиркор 3 нафаргача ишчи ёллаши мумкин.

Ҳозирда ЯТТ юзга яқин фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин.


Гулноза Бобоева, ЎзА