Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Жаноби Олийларига

Ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич!

Қадрли дўстим!

Сизни алоқаларимиз тарихидаги муҳим сана – Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни йўллашдан бағоят хурсандман.

Давлатларимизнинг яхши қўшничилик ва ўзаро яқин ҳамкорлик ришталари асрлар давомида ёнма-ён тинч ва тотув яшаб келаётган, илдизлари муштарак ва қон-қардош бўлган халқларимизнинг умумий фаровонлиги ва равнақига, шунингдек, минтақамиз тинчлиги ва барқарорлиги учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Шу ўринда дўст мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришда, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган стратегик шерикликни мисли кўрилмаган даражада юксалтиришда Сиз, Жаноби Олийларининг қўшиб келаётган улкан ҳиссангиз борлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Сиз билан ўртамизда қарор топган доимий очиқ ва ишончли мулоқотлар, давлатлараро муносабатларимизни тартибга солувчи самарали механизмларнинг яратилгани барча устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кучайтириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда.

Ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич!

Сизнинг узоқни кўзлаган, оқилона ички ва ташқи сиёсатингиз натижасида бугунги кунда Туркманистон барча жабҳаларда катта ютуқ ва марраларга эришмоқда, аҳолининг фаровонлиги муттасил ошиб, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалиб бормоқда.

Ўтган йилнинг 11 ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Сизнинг шахсан иштирокингиз ва “Туркий дунёнинг олий ордени” билан тақдирланганингиз анжуманнинг аҳамиятини янада оширишга беқиёс ҳисса қўшиш баробарида, қардош ўзбек ва туркман халқларининг дўстона алоқалари нақадар юқори даражада эканини дунёга яна бир карра намойиш этди.

Сизнинг юртингиз ва элингиз равнақи учун қилаётган улуғвор ва тарихий ишларингиз, узоқ истиқболга йўналтирилган стратегия ва дастурларингиз, олиб борган кўламдор ислоҳотларингиз натижасида яқинда бетараф Туркманистоннинг Халқ ҳокимияти Олий вакиллик органи – Халқ Маслаҳатининг раиси этиб тасдиқландингиз ва Туркман халқининг миллий лидери мақомига сазовор бўлдингиз.

Ҳеч шубҳасиз, азалий қардошлик, боқий дўстлик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган узоқ муддатли ҳамда кенг қамровли шериклигимиз бундан кейин ҳам изчил давом этади, деб қатъий ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, оилавий бахт-саодат, шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, қардош туркман халқига эса тинчлик-осойишталик, давомий тараққиёт
ва фаровонлик тилаб қоламан.

Самимий эҳтиром ила,

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти