Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё туман бўлинмасининг “Обод маҳаллам” номли лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган “Маҳаллаларда ободликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг тиббий ва экологик маданиятини ошириш” мавзусидаги давлат гранти танловида ғолиб бўлган эди.

Лойиҳанинг асосий мақсадидан бири аҳолининг экологияга оид билимларини янада кенгайтириш мақсадида учрашувлар, давра суҳбатлари, танловлар ташкил қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшишдан иборат.

Тумандаги “Баркамол авлод” болалар мактабида “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда мактаб ўқувчилари ўртасида “Табиат ва биз” мавзусида расмлар танлови ўтказилди. Танловда 42 нафар иқтидорли мактаб ўқувчиси иштирок этди.

Ҳакамлар хулосасига кўра 40-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Зафаржон Баҳромбоев биринчи, 1-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Мафтуна Нуримбетова иккинчи, 57-умумтаълим мактабнинг 11-синф ўқувчиси Отабек Норбоев учинчи ўринларни эгаллади. Шунингдек, “Энг яхши қишлоқ тасвири”, “Композицион тасвир учун”, “Бунёдкорлик ғояси учун”, “Энг яхши табиатни асраш мавзуси учун”, “Гўзал табиат тасвири учун”, “Энг ёрқин табиат тасвири учун” номинациялари ғолиблари аниқланди.

Ғолиб ва совриндорларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси томонидан Фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири