Давлат идораларига ишга қабул қилишнинг очиқ-ошкора тизими жорий этилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Белгиланган тартибга кўра, давлат идораларига ишга кириш учун тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзод суҳбат босқичида иштирок этади.

Хўш, бу босқич қандай ташкил этилади?

Мазкур саволга Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг бошқарма бошлиғи Аббос Акрамов қуйидагича жавоб берди:

–Суҳбат босқичи давлат ташкилотлари ходимларидан иборат бўлган танлов комиссияси томонидан ўтказилади, – дейди Аббос Акрамов. –Суҳбатлар интервью ёки тақдимот каби усулларда амалга оширилади. Интервью усулида ҳар бир номзодга соҳа бўйича билим ва шахсий ва касбий компетенцияси, умумий дунёқараши ҳамда вакант лавозимга мослигини ўрганиш бўйича саволлар тасодифий тарзда берилади. Суҳбатларни  тақдимот усулида ўтказиш тартибида ҳар бир давлат ташкилоти суҳбат ўтказиш кунидан уч кун олдин номзодларнинг шахсий кабинетига тақдимот мавзуларини юборади.

Номзодлар берилган мавзулардан биттасини танлаб олиб, тақдимот қилиб беришлари керак бўлади. Суҳбат якуни бўйича ҳар бир танлов комиссияси аъзолари номзодларни 100 баллик шкалада баҳолайди ва суҳбат натижасида энг юқори балл тўплаган номзод танлов ғолиби ҳисобланади. Танловларнинг суҳбат босқичида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вакили кузатувчи сифатида иштирок этади.

 

Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.  

ЎзА