Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Миллатлараро тотувлик, бирдамлик ва халқлар дўстлиги” шиори остида дўстлик фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, республика маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими бошлиғи Т.Атамуратов, Оролбўйида фаолият олиб бораётган қозоқ, рус, украин, туркман, корейс миллий маданият  марказлари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек тенг ҳуқуқли ва ўзаро бирдамликда яшаб, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, билим олиши, касб -ҳунар ўрганиши, маданияти, урф-одат дастурларини сақлаш ва ривожлантириш учун мамлакатимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда.

Тадбирда  сўзга чиққанлар миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар мамлакатимизда ушбу соҳада стратегик мақсад сари бирлаштиришга хизмат қилиши, жамиятда миллатлараро тотувликни, ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват, тинч ва тотувликни мустаҳкамлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлаш,  юртимизда халқни рози қилиш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар ижобий самарасини бераётганлигини қайд этди. Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, миллий қадриятларини сақлаб қолиш, урф-одат дастурларини ривожланишига барча имкониятлар яратилган бўлиб, бу ўз навбатида кўп миллатли халқимизнинг тотувлигини мустаҳкамлаш, Она Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилмоқда.

Фестиваль доирасида меҳмонлар миллий маданият марказлари томонидан ташкил этилган кўргазмалар, университетда таҳсил олаётган турли миллат вакилларидан иборат  фаол ва истеъдодли талаба-ёшларнинг концерт дастуридан баҳраманд бўлишди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА