Бугун тонгда Туркиянинг кўплаб минтақаларида зилзила қайд этилди. Турли ахборот воситаларида вайронагарчиликлар ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси(ЎФА) хабарига кўра, айни кунларда Туркияда 15 га яқин турли ёшдаги жамоалар, клублар ўқув-машғулот йиғинларини ўтказмоқда. ЎФА матбуот хизмати хабарига кўра, улар билан доимий мулоқот ўрнатилган. Зилзила оқибатида вакилларимизга зарар етмаган.

Шунингдек, Истанбулда пара таэквондо бўйича ўтказилган “Президент кубоги” турнирида қатнашган мамлакатимиз спортчилари ҳам соғ-саломат эканлиги ҳақида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси хабар берди. Пара таэквондочиларимиз ўтказилган баҳсларда 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза, медалларни қўлга киритди. Энди Бобур Қўзиев мураббийлигидаги матонатли спортчиларимиз эртага 7 февраль куни бошланадиган “Turkish open” турниридаги иштирокини бошлайди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги хабарига кўра, Туркиянинг турли шаҳар ва музофотларида ўқув-йиғин машғулотларида, мусобақаларда иштирок этаётган Ўзбекистон спорт жамоаларига шикаст етмаган. Спорт жамоаларимизнинг ҳолати доимий тарзда назорат қилиб борилмоқда.

 

Т. Рўзиев,  

ЎзА