Президент Шавкат Мирзиёев 3 февраль куни Наманган вилоятида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишди.

Наманган вилоятига ташриф Давлатобод туманидаги «Fazman tekstil» корхонасидан бошланди.

Давлатимиз раҳбари ҳар доим маҳсулот чиқаришдан олдин бозорини топиш, жаҳон брендларини олиб келиш зарурлигини таъкидлайди. Хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити натижасида Наманган вилоятида “Waikiki”, “Baldessarini”, “ZARA” каби брендлар остида кийимлар ишлаб чиқарилмоқда.

Яқинда очилган “Fazman tekstil”да ҳам иш шундан бошланди – Германиянинг дунёга машҳур “Digel” ва «Carl Gross» брендлари билан ҳамкорлик ўрнатилди.

Лойиҳа қиймати 20 миллион доллар бўлиб, бунинг ҳисобидан улкан иншоот барпо этилди, Германия ва Туркиядан замонавий ускуналар олиб келинди. Мингга яқин иш ўрни яратилди.

Корхона йилига 1 миллион дона костюм-шим ишлаб чиқариш қувватига эга. Улар бренд талабларига мослиги боис хушбичим ва юқори сифатли. Жорий йилнинг ўзида 15 миллион долларлик экспорт қилиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари иш жараёнини кўздан кечирди. Маҳсулотлар сифати ва экспорт салоҳиятини юқори баҳолади.

Корхонада ёшларга иш ўргатиш учун ўқув маркази ҳам ташкил этилган. Президентимиз ана шу ёшлар билан биргаликда суратга тушди.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” кичик саноат ва тадбиркорлик зонасида бўлди.

Мамлакатимизда тадбиркорларга муносиб шароит яратиш учун жойларда технопарк ва кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Наманган вилоятида бундай мажмуалар сони 73 тага етди.

Баркамол авлод маҳалласида ҳам ишбилармонлар, ҳунармандлар кўп. Лекин улар уй шароитида ишлар, имкониятлари чекланган эди.

Шу боис маҳалла ёнидаги 10 гектарда зарур инфратузилмага эга яхлит мажмуа барпо этилди. Бу ерга 46 та лойиҳа жойлаштирилган. Уларнинг 18 тасида ишлар якунланиб, корхоналар фаолиятини бошлаб юборди, 2 мингдан ортиқ иш ўрни очилди.

Давлатимиз раҳбари шу ердаги “Мастер класс дизайн”, “Сифат ёғоч саноат”, “Баланс текс” корхоналаридаги иш жараёнини кўздан кечирди.

Биринчи корхонада йилига 150 минг дона чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. “Сифат ёғоч саноат” йилига 1 минг 200 тўплам мебеллар, “Баланс текс” 400 минг дона тўқимачилик товарлари тайёрлаш қувватига эга. Уларда қўшни маҳаллалардаги аввал ишсиз бўлган ёшлар, хотин-қизлар меҳнат қилиб, даромад топмоқда. Маҳсулотлар сифатлилиги ва ҳамёнбоплиги билан импорт ўрнини эгалламоқда.

– Ўзи одамларимиз ишбилармон, шижоатли. Мана, замин яратувдик, тадбиркорлик «юриб кетди». Энди ишлаб чиқарувчиларга таннархни тушириш бўйича ёрдам бериш керак. Таннарх – тадбиркорнинг «ҳаёт-мамоти». Таннарх пасайса, экспортга чиқиш енгиллашади, бизнес кенгаяди, яна ишчи олади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Саноат зонасидаги бошқа лойиҳаларда ускуналар ўрнатилмоқда. Умуман, бу ерда тайёр кийим-кечак, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари, мебель, қоғоз, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Шу атрофдаги Баркамол авлод, Яккатут, Янгиҳаёт, Обжувоз, Лола, Чаман маҳаллаларида яшовчи 6 мингдан зиёд аҳоли иш билан таъминланади.

Президентимиз шу ерда Наманганда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан ҳам танишди. Мавжуд тармоқларга қўшимча асаларичилик, заргарлик, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Наманган шаҳрида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш режалари муҳокамаси юзасидан очиқ мулоқот ўтказилди.

Сўнгги беш йилда Наманган вилоятида корхоналар сони 15 мингтага кўпайиб, 32 мингтадан ошди. Шу даврда хусусий бизнес ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳажми 1,6 баравар ўсиб, 8,3 триллион сўмга етди. Бу – республика бўйича энг юқори суръатлар.

– Тасаввур қилинг, олти йил аввал дотацияда бўлган вилоят бугунги кунда мустаҳкам даромадга эга бўлди, замонавий саноат ва кучли тадбиркорлар шаклланди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Оддий қилиб айтганда, Наманган ҳеч муболағасиз тадбиркорлар юрти, кичик ва ўрта бизнес марказига айланди.

Йиғилишда, аввало, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масаласига эътибор қаратилди.

Таҳлилларга кўра, бу йил қишдаги совуқ оқибатида юртимиздаги 3 мингта ҳудудий саноат корхонасида ишлаб чиқариш пасайган. Яна кўплаб тадбиркорларнинг солиқ қарздорлиги ошган.

Шу боис, Президентимиз иқтисодиётда йўқотишлар ўрнини қоплаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида қарор имзолаганини айтди. Унга кўра, совуқдан қийинчилик кўрган тадбиркорларга кредит, солиқ, божхона ва бошқа тўловлар бўйича енгилликлар берилади.

Жумладан, 2 минг нафар кичик ва ўрта тадбиркорларнинг январь-март ойларида муддати келадиган 4,7 триллион сўм кредит тўловлари 1 июнга қадар узайтирилади. 29 мингта тадбиркорга 2 триллион сўм солиқ қарзини 1 июлга қадар фоизсиз, қўшимча гаровсиз ва пенясиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Қуввати пасайган 545 та саноат корхонасига ишлаб чиқаришни тиклаш ва айланма маблағ учун 8 триллион сўм кредит ажратилади. Давлат мулки хариди ва ижараси борасида тўловлар бўйича ҳам енгилликлар берилади. Ишлаб чиқариш биноларининг ҳар бир юқори қавати учун тадбиркорларга мол-мулк солиғидан 10 фоиздан чегирма жорий этилади.

Бу имкониятлар тадбиркорлар томонидан хурсандчилик билан қабул қилинди.

– Наманган иқтисодиётини ривожлантириш ҳисобига, бу йил 500 мингга яқин аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича катта марраларни олганмиз. Бу режаларга фақат ва фақат тадбиркорларга таяниб, уларни қўллаб-қувватлаб эришиш мумкин, – деди давлатимиз раҳбари.

Бунинг учун вилоятда оилавий тадбиркорлик учун бу йил 950 миллиард сўм ёки 2 баравар кўп имтиёзли кредитлар ажратилади. Махсус тўқимачилик зонаси ташкил этилади ҳамда 15 та саноат зонаси инфратузилмасига 75 миллиард сўм ажратилади. Шунингдек, ҳар бир туманда камида 2 тадан микромарказ ўз фаолиятини бошлайди.

Энергетика вазирлигига тадбиркорларнинг энергия таъминотини кунлик назоратга олиб, изчил етказиб бериш вазифаси қўйилди.

Аҳолига деҳқончилик учун тарқатиладиган 9,5 минг гектар ерда бозорбоп озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш зарурлиги айтилди.

Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари бўйича кўрсатмалар берилди.

Мулоқотда давлатимиз раҳбари тадбиркорларнинг янги таклиф ва ташаббусларини эшитди.

Президент Шавкат Мирзиёев Давлатобод туманида жойлашган “Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани” кутубхонасини бориб кўрди.

Бу мажмуа 2021 йил фойдаланишга топширилган эди. Бугунги кунда 70 мингта китоб фондига эга. Кутубхона жаҳондаги йирик электрон кутубхоналар тармоғига уланган. Бу орқали хорижий адабиётлардан ҳам эркин ва бепул фойдаланиши мумкин.

Ташриф буюрувчилар махсус ID-карта олади. Барча жараёнлар электрон тарзда бажарилади.

Биринчи қаватда 12 ёшгача бўлган болалар ҳамда кўзи ожиз инсонларга мўлжалланган алоҳида ўқиш зали ташкил этилган. Кичкинтойларнинг ижодий тасаввурларини бойитадиган жиҳозлар қўйилган. Иккинчи ва учинчи қаватларда умумий ўқув заллари, ертўлада архив жойлашган. Шунингдек, бу ерда ёшлар ахборот технологияларини ўрганиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари шу ерда наманганлик ёшлар билан мулоқот қилди.

– Наманган буюк алломалар, уста тадбиркорлар юрти. Бугун ҳам ёшлар иқтисодиёт, санъат, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришмоқда. Буларни эшитиб, кўриб, хурсанд бўламан. Ёшларимиз учун янада кўпроқ имкониятлар ташкил қилишни ўйлайман, – деди Президент.

Вилоятда йигит-қизлар учун кўп дастурлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили уюшмаган ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш учун 140 миллиард сўм маблағ берилиб, 6 мингдан зиёд ёш ўз йўлини топди.

Шунингдек, 2,5 минг гектар экин майдонларини ажратиш натижасида 20 минг ёшлар бандлиги таъминланди. Шароити оғир қарийб 5 минг ёшга контракт пуллари тўлаб берилди.

Мулоқотда бу имкониятларни давом эттиришга қаратилган лойиҳалар ва ташаббуслар ҳақида сўз борди.

– Хабарингиз бор, бу йилни юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилдик. Мактабда иккита хорижий тил ва битта касб ўрганиш талабини қўйяпмиз. Мана бундай зиё масканлари, спорт мажмуалари қуриляпти. Буларнинг ҳаммаси бирлашиб, ҳаёт мактабига айланиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис битирувчиларни иш билан таъминлаш ва касб-ҳунарга ўргатишга қаратилган “Ҳаёт мактаби” дастури амалга оширилади. Бу борада Наманган вилояти тажрибаси яратилади.

Илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, спортни оммалаштириш, кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи якунланди.


Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ, Оқилхон ДАДАБОЕВ, ЎзА мухбирлари