Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ерлар деградациясига қарши курашиш тадбирларини мониторинг қилиш, баҳолаш ва ҳисобот шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг натижаларини чоп этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.

Мазкур қарор ерлар деградациясига қарши курашиш ва унинг салбий оқибатларини юмшатиш, ҳудудларда қурғоқчилик ва чўлланишнинг олдини олиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш, деградация (табиий – қурғоқчилик, рельеф хусусиятлари, ёғинлар миқдорининг меъёрдан ортиши, сув тошқинлари, кучли шамоллар, табиий ёнғинлар, ботқоқлашиш ва антропоген – тоғ-кон саноати, муҳандислик коммуникацияларини қуриш; сунъий ёнғинлар, нотўғри чорвачилик ва деҳқончилик, самарасиз ирригация, ўрмонларнинг кесилиши, шаҳарларнинг кенгайиши ва бошқа омиллар таъсири)га учраган ерларни қайта тиклаш, ушбу йўналишда илғор илмий ишланмалар ва инновациялардан кенг фойдаланиш имконини беради.

Низомда ерлар деградациясига қарши курашиш тадбирларини мониторинг қилиш, баҳолаш ва ҳисобот шаклларини ишлаб чиқиш ҳамда натижаларни чоп этиш тартиби ҳам белгилаб берилган.

Ўбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Табиат ресурслари вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги, Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги, Фанлар академияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари  ерлар деградациясига қарши курашиш тадбирларини амалга ошириш учун масъул ҳисобланадилар.

Давлат ва нодавлат ташкилотларга республика ҳудуди бўйича маълумотлар ҳамда ҳисоботлар, ерлар деградацияси ва уларга қарши курашиш тадбирлари тўғрисидаги маълумотлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Ер деградацияси” геоахборот тизими орқали тақдим этилади.

ЎзА