Мамлакатимизда хотин-қизларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини қонун билан муҳофаза қилиш, уларнинг давлат бошқаруви ва жамиятнинг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида давлат органларида гендерга оид аудитни ўтказувчи мутахассислар, вазирлик ва идоралар масъул ходимлари учун амалий ўқув семинари ташкил этилди.

Семинар иштирокчиларига “Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш масалаларида эришилган натижалар ва бу борадаги устувор вазифалар, давлат хизматида гендер тенгликни таъминлаш масалалари ҳамда гендер статистикаси, меҳнат муносабатларида гендер тенгликни таъминлаш борасидаги муаммо ва ечимлар, гендер тенгликни таъминлаш ва БМТ тавсияларини амалга ошириш масалалари, гендерга оид терминологиянинг хотин-қизлар ижтимоий ҳолатини яхшилашга қаратилган имкониятлари тўғрисида батафсил маълумот ва тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, тадбирда гендер аудит ўтказиш бўйича методология ишлаб чиқиш лозимлиги борасида сўз юритилиб, мазкур методология гендер аудит ўтказиш институтининг фаолиятини такомиллаштиришга асос бўлиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Бу борада иштирокчилар томонидан гендер аудит ўтказиш тартиби, босқичлари бўйича бир қанча таклифлар бериб ўтилди.


ЎзА