Юнус Ражабий номидаги Ўзбек Миллий мусиқа санъати институтида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов ижодига бағишланган “Соғинганимда” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Мазкур маърифий тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбек Миллий мақом санъати маркази, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек Миллий мусиқа санъати институти томонидан ташкил этилди.

Ўзбек Миллий мақом санъати маркази бош директори, мусиқашунос олим Сойибжон Бегматов  ва бошқалар мамлакатимизда асрлар оша сайқал топиб келаётган миллий мақом санъатимизни янада ривожлантириш, ушбу бебаҳо санъатни устозлардан шогирдларга безавол етказишда Абдуҳошим Исмоилов сингари фидойи мусиқачиларнинг ҳиссаси катта эканини таъкидлади.

Дарҳақиқат, устоз санъаткор мақом санъатининг жозибаси ва бетакрорлигини халқимизга етказишда, уни юртимиз ва хорижда тарғиб этишда фидокорона меҳнат қилмоқда. Бу жиҳатларни Абдуҳошим Исмоилов раҳбарлик қилиб келаётган Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли фаолиятида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Ўтган вақт мобайнида мамлакатимиздаги мусиқий дастурлар, концертлар, йирик маданий лойиҳаларга миллий руҳ, ўзбекона мусиқий оҳанглар бағишлашда, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа кўплаб шоир бобокалонларимизнинг мумтоз ва бетакрор шеъриятини гўзал миллий тароналар орқали тарғиб этишда устоз санъаткор ва у бошчилигидаги мусиқий жамоанинг хизматлари ғоят улкан  бўлмоқда.

Тақдимоти бўлиб ўтган “Соғинганимда” номли тўплам бастакор ва созанда Абдуҳошим Исмоиловнинг миллий мусиқа санъатимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилади.

Ушбу тўпламда илк маротаба устоз санъаткор, таниқли созанда ва маҳоратли бастакор Абдуҳошим Исмоиловнинг ижодий фаолияти тўғрисидаги маълумотлар, саксондан ортиқ асарларнинг тўлиқ нота ёзуви ва матни баён этилган. Китоб изланувчи тадқиқотчилар, Олий ва ўрта мусиқий таълим тизими ўқитувчи ва ўқувчилари учун мўлжалланган. Шунингдек ўзбек бастакорлик санъатига қизиқувчи кенг жамоатчилик учун мўлжалланган.

Миллий мусиқа ихлосмандлари ва соҳа мутахассислари эътиборига ҳавола этилаётган ушбу тўпламга киритилган қўшиқ ва тароналарнинг оҳанги ва бадиийлиги аҳамиятга моликдир. Уларнинг аксарияти янги услубда, ўзбек миллий мусиқасининг энг нозик жиҳатларидан фойдаланган ҳолда яратилгани билан аҳамиятли. Тўпламни варақлаган ҳар бир китобхон  устоз Абдуҳошим Исмоиловнинг саъй-ҳаракатлари билан оҳангларнинг янгича ишланган шакли, мусиқа асбобларининг барча турлари имкониятидан ғоят унумли фойдаланиш, чолғучилик ансамбли ижрочилигини мукаммаллаштириш, олдинроқ машҳур ва севимли бўлган оҳангларга янги ҳаёт бағишлаш, шўх ва дилхуш жамланма мусиқий асарларни яратиш ва уларни халқимизга тақдим этиш завқини юракдан англайди.

Устоз Абдуҳошим Исмоилов иштирокидаги давралар ғоят файзли, жўшқин, миллий куй-қўшиқларга, гурунгларга бой тарзда ўтиши мусиқа ихлосмандларига яхши маълум. Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, мусиқашунос олимлар, бастакор ва созандалар моҳир санъат ижоди ва янги нашр этилган тўплам хусусида батафсил сўз юритди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари томонидан Абдуҳошим Исмоиловга Алишер Навоийнинг яқинда чоп этилган асарлари тўплами туҳфа этилди. Тақдимот тадбири миллий мумтоз куй-қўшиқлардан иборат концерт дастурига уланиб кетди.


Назокат Усмонова, ЎзА мухбири