Президент Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни Фарғона вилоятида бўлиб, ҳудудлардаги амалга оширилаётган йирик лойиҳалар, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишди.

Халқимиз фаровонлигини ошириш, бандлигини таъминлаш, иқтисодиёт ривожида йирик лойиҳалар муҳим аҳамиятга эга. Шу боис ҳар бир шаҳар ва туманнинг салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда истиқболли режалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2022 йил май ойида вилоятга ташрифи чоғида “Global textile infinity” кластерининг ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишган эди. Ўшандаги кўрсатмалар асосида лойиҳа жадаллаштирилиб, декабрда ишга туширилди.

Бу галги ташрифда Қўштепа туманидаги мазкур тўқимачилик корхонаси кўздан кечирилди.

Бу ерда пахта етиштириш ва уни қайта ишлашнинг тўлиқ жараёни йўлга қўйилган. 132 миллион евро эвазига катта фабрика ташкил этилиб, Швейцариянинг “Rieter Machine Works” ускуналари ўрнатилган.

Корхона йилига 18 миллион метр аралаш мато ҳамда 10 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Европа давлатлари ва Хитойга 85 миллион евролик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган. Бунинг учун корхонада сифат лабораторияси ташкил этилган.

Президент тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириш, таниқли брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш зарурлигини таъкидлади.

Яна бир муҳим жиҳати, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологиялар қўлланилмоқда. Иншоотнинг том қисмига қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Буларнинг натижасида қарийб 23 фоизгача энергия самарадорлигига эришиш мумкин.

Ҳозирги биринчи босқичда корхонада 1 минг 500 нафар киши ишламоқда. Жорий йил март ойида фабрикада тўқима мато ишлаб чиқариш бошланади. Шунингдек, Учкўприк туманида ип-калава ва мато тайёрлаш ҳамда пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этилмоқда. Шунда кластердаги жами иш ўрни қарийб 5 мингтага етади.

Бу ерда ўқув ва касаначилик маркази ҳам очилган. Унда корхона учун зарур 4 та йўналишда мутахассислар тайёрланмоқда.

Ушбу кластер мажмуасида водий вилоятларида пахта-тўқимачилик саноатини ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Ўтган олти йилда бу вилоятларда 35 та кластер ташкил этилиб, 670 миллион долларлик 150 дан ортиқ йирик лойиҳа ишга туширилган.

Маълумки, шу йил 26 январда пахтачилик кластерлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга оид Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, кластерлар пахта етиштиришга ўғит, уруғ, ёқилғи учун имтиёзли кредитларни исталган вақтда олиш имконига эга бўлди. Уларга ғўза навларини мустақил жойлаштириш, четдан ҳосилдор навларни селекция учун олиб келишга рухсат берилди.

Шунингдек, лазерли текислагичларни сотиб олишда улар қийматининг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилади. Ишлаб чиқаришни илм билан боғлаш мақсадида ҳар бир кластерга пахтачилик илмий ташкилотлари ва агрохизмат марказлари бириктирилади.

Йиғилишда мазкур чора-тадбирларнинг амалий жиҳатларига тўхталиб ўтилди.

Пахта ҳосилдорлигини ошириш, ип-калавани чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулотларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Водийнинг 23 та туманида “хом ашё – тайёр маҳсулот – экспорт” занжири асосида, тўқимачилик саноатини чуқур ривожлантириш учун барча имконият ва шароитлар бор. Шу боис мазкур 3 та вилоятда тўқимачилик маҳсулотлари экспортини жорий йилда 2,5 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги таъкидланди.

Иқтисодиёт тармоқларидаги бугунги тенденцияга ҳамоҳанг, кластерлар ҳам энергия истеъмолининг бир қисмини муқобил манбаларга ўтказиши зарурлиги қайд этилди.

Президент Қувасой шаҳридаги “Art soft ceramics” корхонасида бўлди.

Ўтган йил декабрда иш бошлаган корхона йилига қарийб 3 миллион квадрат метр керамогранит маҳсулотлар тайёрлаш қувватига эга. Айни пайтда бу ерда 350 нафар ишчи ва мутахассис меҳнат қилмоқда.

Маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоиз бўлгани боис товарлар хорижникидан анча арзон нархларда бозорга чиқарилмоқда. Шунингдек, уларнинг 35 фоизи Россия, Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт қилиниши режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари корхонада ва умуман Қувасой шаҳрида экспорт кўрсаткичларини ошириш муҳимлигини таъкидлади. Бунинг учун чет элдаги саноат зоналари билан ҳамкорлик ўрнатиш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Тиббиётда хусусий секторга имконият берилгани рақобат ва сифатни оширишда муҳим омил бўлмоқда. Фарғона вилоятида бундай муассасалар 720 тага етди. Улардан бири Фарғона шаҳридаги “Meridian” тиббиёт марказидир.

Президент Шавкат Мирзиёев бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.

2021 йил декабрда фойдаланишга топширилган клиника замонавий ташхис ва даволаш хизматларини кўрсатиб келмоқда. Бунинг учун Германия, Жанубий Корея, Япония ва Хитойдан замонавий ускуналар келтирилган. Шифохона 120 та стационар ўринга, йилига 2 мингта жарроҳлик амалиётини ўтказиш қувватига эга.

Эътиборлиси, ўтган йили тиббиёт маркази ҳузурида университет ҳам очилди. Ҳозир 600 нафар талаба ўқимоқда, уларга чет эллик ўқитувчилар сабоқ бераётир. Талабалар тиббиёт марказида амалиёт ўтайди.

Шу тариқа бу муассаса замонавий клиникалар, ташхис марказлари, лабораториялар ва университетни ўзида бирлаштирган тиббиёт кластерига айланди.

Давлатимиз раҳбари шифокорлар билан суҳбатлашди.

– Хусусий тиббиётга шароит яратганимиз ўзини оқлади, буни аҳоли қабул қилди. Чунки одамларимиз яхши яшашга интиляпти, ўз соғлиғига қараяпти. Аҳоли даромадини ошириш бўйича қилаётган ҳамма ҳаракатларимиз аслида шунинг учун – халқимизнинг соғлом ва фаровон яшаши учун, – деди Шавкат Мирзиёев.

Клиниканинг интервенцион кардиология, кардиохирургия, трансплантология, радиологияни йўлга қўйиш борасидаги лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Марғилон шаҳридаги “Олтин ипак карвонсаройи” туристик марказини бориб кўрди.

Бу ерга келган киши қадим ўзбек хонадонларидаги муҳитни ҳис этади. Мажмуанинг биринчи қаватида гиламдўзлик, каштачилик, мисгарлик каби халқ ҳунармандчилиги хоналари жойлашган. Уларда сайёҳлар миллий маҳсулотларимизнинг тайёрланиш жараёнини яқиндан кўриши, харид қилиши мумкин.

Иккинчи қаватда жами 30 ўринли қадимий услубдаги карвонсарой ташкил этилган. Истиқболда мажмуа бир йилда 10 мингдан ортиқ сайёҳларга хизмат кўрсатиши мўлжалланган.

Давлатимиз раҳбари миллий ўзлигимизга ва ёшлар тарбиясига эътибори учун ҳунармандларга миннатдорлик билдирди.

– Ҳозирги юксак технологиялар асрида мана шундай оддий, самимий жойларни одам соғинади, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бу ҳунарларни, бу маданиятни бобо-момоларимиз фақат қўли билан эмас, қалб қўри билан яратган. Бир пайтлар бу йўналишлар йўқолиб кетишига оз қолганди. Уларни асраб-авайлаётганингиз учун раҳмат. Бу маданиятимизни нафақат чет элликларга тарғиб қилиш, балки фарзандларимизга ҳам сингдириш керак.

Президент усталарнинг миллий ҳунарларни мактабларда ўргатиш таклифини қўллаб-қувватлади. Мутасаддиларга туризм салоҳиятини ошириш, уни тарғиб этишда кино санъатидан оқилона фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди.

Ўтган йили Марғилон шаҳрига «Жаҳон ипак ва икат ҳунармандлари шаҳри» мақоми берилган эди. Бундай мақомга Бухоро зардўзлик, Қўқон ёғоч ўймакорлиги бўйича сазовор бўлган.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи якунланди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ, ЎзА мухбирлари