Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 1 февраль куни Андижон вилоятида бўлди.

Давлат раҳбарининг ташрифи Бўстон туманидан бошланди.

Бу ерда яқинда “Сайёра фаввораси” масъулияти чекланган жамияти томонидан тўқимачилик корхонаси ишга туширилган эди.

Умумий қиймати 113 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа доирасида бино барпо этилиб, Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди. Эркаклар, аёллар ва болалар учун 50 турдан ортиқ, йилига 1 миллион 200 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Мингга яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланди.

Корхонанинг “Elegance SM” бренди остидаги сифатли, бежирим маҳсулотларининг асосий қисми экспортга йўналтирилган. Йиллик экспорт ҳажми 4 миллион доллар бўлиши мўлжалланган.

– Бу корхонага замин яратаётганимизда бугунгидай бўлиб кетишига кўпчилик ишонмаганди. Бўстон иқтисодий жиҳатдан орқада қолган туманлардан эди. Мана шундай корхоналар очилиб, одамларимиз даромад топаётгани қувонарли. Буни давом эттириб, иш ўринларини кўпайтиришимиз керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу ернинг ўзида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилган. Унда ҳудуддаги ишсиз фуқаролар ҳунар ўрганиб, ўз йўлини топмоқда. Жумладан, яқинда 200 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз касбга ўқитилиб, ишга олинди.

Президент улар билан суҳбатда аёлнинг билимли, ҳунарли бўлиши оиланинг катта ютуғи эканини таъкидлади. Корхонага муваффақият, аёлларга оилавий фаровонлик тилади.

Тадбиркорга эркинлик берилса, қўллаб-қувватланса, гуркираб ривожланади.  Бунга Шаҳрихон туманидаги “Elegant shoes and” корхонаси яққол мисол. Дастлаб ишни косибчилик шаклида бошлаган тадбиркор охирги тўрт йилда кичик бинода фаолият юритар эди. Ўтган йили тадбиркор ўз маблағи ҳисобидан 8 миллион долларлик янги корхона ташкил этди. Келажакни инобатга олиб, мажмуа 4 қаватли қилиб қурилган.

Президент Шавкат Мирзиёев мазкур корхона фаолияти билан танишди.

Ускуналар Туркия ва Хитойдан олиб келинган. Ишлаб чиқаришга туркиялик дизайнер ва технологлар жалб қилинган.

Биринчи босқичда 60 хил пойабзал ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ҳозир бу ерда 500 киши меҳнат қилмоқда. Иккинчи босқичда яна шунча иш ўрни ташкил этилади.

Корхонанинг асосий мўлжали экспорт. Жорий йилда бу кўрсаткични 4 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Тадбиркор Европа бозорига чиқмоқчи эканини айтди. Давлатимиз раҳбари бу бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

– Чарм саноати ҳам драйверга айланяпти, корхоналар кўпайяпти, – деди Шавкат Мирзиёев. – Энди уларга кафолатланган хомашёни таъминлаб бериш керак. Иккинчидан, касаначилик асосида уйда ўтирган аёлларни ҳам жалб қилиш зарур. Умуман, бундай илғор корхоналарнинг ривожланишига кўмак бериб, кластерга айлантириш мумкин.

Мутасаддиларга илмий институтларга буюртма бериб, импорт бўлаётган хомашё материалларини маҳаллийлаштириш бўйича топшириқ берилди.

Давлатимиз раҳбари корхонада ишлаётган хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

– Бугун Андижонга тадбиркорликни кенгайтириш, барқарор энергия манбалари яратиш, одамларнинг даромадини ошириш учун келдик. Ойликларингиз қачон ошади? Чиқарилаётган маҳсулотнинг бозори чаққон бўлса. Бунинг учун сифат, билим, малака керак. Шу боис хотин-қизларимизнинг касб эгаллашига алоҳида эътибор қиляпмиз. Она рози бўлса, оила ҳам, жамият ҳам рози бўлади, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномасида мактаб ўқувчиларини хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўргатиш заруратини айтган эди. 20 январь куни бу борадаги вазифалар бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилиши режалаштирилди.

Бу мақсад жойларда ҳаётга кўча бошлади. Хусусан, Андижон туманидаги 55-умумтаълим мактаби таъмирланиб, қўшимча шароитлар яратилди. Мактабнинг бўш турган ертўласи тадбиркорларга ажратиб берилиб, ёшларни касбга йўналтириш йўлга қўйилди.

Президентимиз ушбу хоналарни кириб кўрди.

Мактабнинг юқори синф ўқувчилари бу ерда тикувчилик, мебелчилик, қандолатчилик, косибчилик, сават тўқиш, кўрпа-тўшак тикиш каби йўналишларни ўрганмоқда. Шунингдек, мактаб ҳудудида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш, типография, компьютер хизмати ва салонлар ташкил этилган.

Давлатимиз раҳбари касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

– Эътибор берсангиз, касб эгалламай ўқишни битирганлар ҳаётда қийналади, иш тополмайди. Кимнинг қўлида ҳунари бўлиб, чет тилини билса, йўли очиқ. Сизларда шундай имконият бор. Ўзингизни қийнаб, қунт билан билим олинг, ҳунар ўрганинг. Қарорлар, саъй-ҳаракатлар қачон натижа беради? Мутахассис зўр бўлса. Инвесторлар ҳам кадрларнинг билим ва малакасига ишониб келади. Мамлакатимизнинг энг катта бойлиги – ёшлар, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз  Андижон туманидаги Садда таги маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуши билан яқиндан танишди.

Бу маҳаллада 3 минг 600 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Оилалар ердан унумли фойдаланишнинг ҳадисини олган. Кейинги йилларда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида паррандачилик, узумчилик ривожланмоқда, иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Шунингдек, маҳалла ҳудудида тўқимачилик корхонаси, озиқ-овқат дўконлари ва устахоналар бор.

Ўтган йили маҳалла биноси янгидан қурилиб, кўчалар таъмирланди, ишкомлар барпо этилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларнинг бўш вақтини самарали ўтказиш бўйича қилинаётган ишлар бу маҳалла ҳаётида ҳам сезилмоқда. Буни маҳаллада ишсизлик камлиги, ўтган йили бирорта ҳам жиноят бўлмаганида ҳам кўриш мумкин.

Давлатимиз раҳбари шу ерлик Диёр Мамадалиев хонадонида меҳмон бўлди.

Маълумки, Андижон вилоятида аҳоли зич жойлашган. Уй-жойга талаб катта. Жумладан, Мамадалиевлар уйида ҳам беш оила яшаётганди. Шу боис хонадон ҳовлисида тажриба тариқасида йиғма уйлар қурилди. Улар камхарж, иссиқ-совуқ ва ёнғинга чидамли, қуриш ҳам осон.

Президент мезбонларни янги уйлар билан муборакбод этди. Бинонинг лойиҳаси, қурилиш материалларига эътибор қаратди.

– Уй инсоннинг энг асосий эҳтиёжларидан бири. Ҳам давлат, ҳам тадбиркорлар томонидан кўплаб турар жойлар қурилаётгани халқимиз манфаатини таъминлаяпти. Танлов имкониятини кенгайтириш учун, эҳтиёжмандлар учун бундай арзон уйлар ҳам керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бундай уйларни кўпайтириш, улар учун зарур қурилиш материалларини маҳаллийлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 17 июнь куни Андижон туманидаги адирликда Янги Андижон шаҳарчаси қурилишига пойдевор қўйган эди. Бугунги кунда кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар қад кўтармоқда.

1 февраль куни бу ерда қайта тикланувчи энергия манбаларини оммалаштириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Мамлакат иқтисодиёти ва аҳоли ўсиши билан электр истеъмоли ҳам кундан-кунга ошмоқда. Сўнгги беш йилда юртмизда хонадонлар 1 миллион 200 мингтага кўпайди, корхоналар сони эса 260 мингтага етган. Булар электр энергиясига бўлган талабни 35 фоизга оширди. Хусусан, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида электрга талаб 40 фоизга кўпайган.

– Бундай шароитда энг тўғри ечим қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис йиғилишда қуёш ва шамол станциялари лойиҳаларига эътибор қаратилди.

Бу йил Поп ва Фарғона туманларида 600 мегаваттли 2 та қуёш станцияси қурилиши режалаштирилган. Андижонда 41 та, Наманганда 32 та ва Фарғонада 27 та микро гидроэлектр станция қуриш имконияти бор.

Давлатимиз раҳбари йирик корхоналарда ҳам қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, умуман, уларни электр билан ўзини ўзи таъминлашга ўтказиш кераклигини таъкидлади.

Ижтимоий объектларда қуёш энергиясидан фойдаланиш учун алоҳида компания ташкил этилади. Унга 200 миллион доллар маблағ берилади. Компания қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларини ўзи ўрнатади ҳамда бюджет корхонасига “яшил энергия” сотади. Шунингдек, ижтимоий объектлардаги 3 мингта эскирган қозонларни замонавий ускунага алмаштириш зарурлиги қайд этилди.

Энергия ресурсларини иқтисод қилиш чоралари кўрсатиб ўтилди. Аҳолининг қуёш энергиясидан фойдаланиши учун жозибадор тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш кун тартибидаги иккинчи масала камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақида бўлди.

Маълумки, бу борада вилоятларда зарур шароитлар яратилмоқда. Хусусан, 31 январь куни имзоланган Президент қарорига кўра, оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредитларга Андижон вилоятига 1,1 триллион сўм  ажратилади.

Сўнгги икки йилда аҳолига деҳқончилик учун 8 минг гектар ҳосилдор экин ерлари берилган, 2023 йилда яна 10 минг гектар ер тарқатилади. Маҳаллаларда саноатни ривожлантириш учун 36 та микромарказ ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбари ишбилармон ва меҳнатсевар одамлар юрти бўлган Андижонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мумкинлигини таъкидлади.

Дарҳақиқат, бу йил вилоятда 800 миллион долларлик 235 та инвестиция лойиҳаси якунланиб, 40 минг киши иш билан таъминланади. Аҳолига ажратиладиган 10 минг гектарда 75 мингта доимий ва 200 мингта мавсумий иш жойи очилади.

Ишсиз одамларни касб-ҳунарга ўқитиш, маҳаллаларда ижтимоий ва тадбиркорлик инфратузилмасини яхшилаш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Туман ва шаҳар ҳокимлари аҳоли бандлигини ошириш режалари юзасидан ахборот берди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи якунланди.


Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбирлари