Ҳозирги кунга келиб Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ўзаро товар айирбошлаш динамикаси ўсиб бормоқда. Аҳамиятли жиҳати унинг ҳажми 2022 йилда 15,7 фоизга ошиб, 4,4 миллиард долларни ташкил этди. Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан ўзаро савдо ҳажми бўйича етакчи бешталигига Германия, Литва, Италия, Польша ва Франция киради. Ўсиш тендентциялари, бошқа жиҳатлар билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг GSP+ преференсиялар тизимининг бенефициари мақомига эга бўлгани билан боғлиқ. Европа Иттифоқи бозорига етказилган экспорт ҳажмининг ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга ошгани ва диверсификация қилингани айнан шу мақом берадиган имтиёзлар билан боғлиқ.

Бу ҳақида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари Шарлотта Адриан билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтилди.

Мулоқотда савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда муносабатларни чуқурлаштириш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши доирасидаги ҳамкорлик ва томонларни қизиқтирган бошқа масалалар кун тартибига киритилди. Европа томонига мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши жараёнида, хусусан, Иттифоқ томонидан молиялаётган “Ўзбекистоннинг ЖСТга кириш жараёнига кўмаклашиш” лойиҳасини амалга ошириш орқали кўрсатилаётган техник ва маслаҳат ёрдами учун миннатдорлик билдирилди.

Суҳбат давомида алоҳида тартибда икки томонлама молиявий ва техник ҳамкорликнинг асосий йўналишларини кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди. Хусусан, ижросига 76 миллион евро ажратилган 2021-2024 йилларга мўлжалланган Европа Иттифоқининг Ўзбекистон бўйича янги кўп йиллик индикатив дастури кўриб чиқилди.

Дастурнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш, самарали давлат бошқаруви, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишлари Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясига мувофиқлиги алоҳида таъкидланди.

 

ЎзА