Марказий банк “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарор юзасидан шарҳ эълон қилди.

Қайд этилишича, банк хизматларидан фойдаланиш бўйича шаффофликни таъминлаш ҳамда банк ва истеъмолчилар ўртасида молиявий хизматлардан фойдаланиш жараёнида юзага келиши мумкин бўлган турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида мазкур ҳужжатга айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, истеъмолчиларнинг турли кредит маҳсулотларидан фойдаланиш борасида тўғри танловни амалга оширишлари ҳамда кредит ҳақида барча маълумотларга эга бўлишларини таъминлаш мақсадида кредит шартномаси тузилгунга қадар истеъмолчиларга кредит хизматидан фойдаланиш билан боғлиқ шартлар тўғрисида тақдим этилиши лозим бўлган маълумотлар кенгайтирилди.

Шунингдек, мулкини гаровга қўяётган ёки кафил бўлаётган учинчи шахслар, тижорат банки ва қарздор ўртасида турли низолар юзага келишининг олдини олиш ҳамда ушбу учинчи шахсларнинг кредит, гаров ёки кафиллик шартномаси бўйича ўзига молиявий мажбурият олаётганлиги тўғрисида тушунчага эга бўлишларини таъминлаш мақсадида банк томонидан мулкини гаровга қўяётган ёки кафил бўлаётган учинчи шахсларга келгусида дуч келиши мумкин бўлган хатарлар тўғрисида тушунтиришлар бериш талаби киритилди.

Шу билан бирга, истеъмолчилар томонидан субординар қарз ва омонат хизматларининг ўзаро фарқли жиҳатларини ажратишда аксарият ҳолларда чалғишаётганлигидан келиб чиқиб, банклар томонидан истеъмолчиларга субординар қарзни омонат ёки омонатга тенглаштирилган қарз сифатида таклиф этиш амалиёти тақиқланди.

Банклар томонидан кредит ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида кредит ажратиш ёки кредит ажратишни асослантирилган ҳолда рад этиш ҳақида қабул қилинган қарор тўғрисида банклар бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай истеъмолчини хабардор қилиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар 2023 йил 28 апрелдан кучга киради.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА