Aйни кунларда ижтимоий тармоқ ва веб-сайтларда юртимиздаги айрим “Метан заправка”лар оммавий сотувга қўйила бошланганлиги билан боғлиқ хабарлар тарқалди.

Шу ўринда қизиқ савол туғилади: Нега кутилмаганда “метан заправкачи”лар ўз мулкларини оммавий сотувга чиқара бошлади? Бунинг сабаби нимада? Бу газ таъминоти билан боғлиқми ёки бунинг бошқа сабаблари ҳам борми?

Ижтимоий тармоқлардаги айрим фойдаланувчилар ҳолатнинг бундай тус олишига газ таъминотидаги беқарорлик сабаб бўлаётгани, қолаверса, газдан ноқонуний фойдаланган «заправка» эгалари фаолияти текширувдан ўтказилаётгани сабабли ўз улушларини сотишга тушгани ҳақида фикр билдирмоқдалар.

Aммо, нима бўлганида ҳам аҳолининг ёқилғига бўлган эҳтиёжини қондиришда сезиларли улушга эга бўлган мазкур газ қуйиш шохобчаларининг бу каби ҳолатлар туфайли фаолиятида келиб чиқадиган узилишлар фуқароларимизга қатор ноқулайликларни келтириб чиқариши билан бир қаторда, иқтисодиётимизга ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши табиий.

Ушбу вазиятда Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партияси юқоридагилардан келиб чиқиб, соҳага алоқадор давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, хусусан, Энергетика вазирлиги, Бизнес омбудсман ва Савдо-саноат палатаси “Ўзтрансгаз” билан биргаликда мазкур масалани, унинг сабабларини атрофлича ўрганиб чиқиш, ўз вақтида керакли чораларни кўриш ва ҳолат юзасидан батафсил маълумот берилиши керак, деб ҳисоблайди.

Маълумки, “Aдолат” социал-демократик партияси ўз дастурий-мақсадларида давлат ва жамият ҳаётида қонун ва адолат устуворлигига эришиш, амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, қонуний манфаат ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва бу масалани давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари, энг аввало, давлат бошқаруви ва айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятида биринчи даражали вазифа бўлиши кераклигини илгари суриб келади.

Шу боис, партия “Метан заправка”ларнинг оммавий сотувга қўйилиши билан боғлиқ вазиятни ўрганишда ваколатли ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни амалдаги қонун ҳужжатларига тўлиқ риоя қилишга ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашга чақиради.

 

Ўзбекистон “Aдолат” СДП  

матбуот хизмати  

ЎзА