2017 йилда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида қатор ислоҳот ва чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хўш, мазкур ислоҳотлар мамлакат фуқароларининг ҳаётида қандай акс этмоқда?

“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда Жаҳон банки томонидан беш йилдан буён амалга ошириб келинаётган “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳасининг мақсади, мазкур саволга жавоб бериши билан аҳамиятлидир.

Лойиҳа тадқиқотининг беш йиллик натижаларига бағишланган давра суҳбати “Тараққиёт стратегияси” маркази, Жаҳон банки ва Буюк Британия тараққиёт дастури ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда вазирлик, идора, ташкилотлар, илмий марказлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда Ўзбекистонда ўз фаолиятини олиб бораётган хорижий давлатларнинг элчилари ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ҳамда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлотлар лойиҳанинг аҳамияти ва ўтган беш йилда унинг Ўзбекистондаги асосий ўзгаришлар ва сиёсатни ишлаб чиқишга қўшган ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Шуни таъкидлаш жоизки, беш йил давомида лойиҳа самарали мулоқот воситаси, яъни фуқаролар ва давлат ўртасидаги ўзига хос “кўприк”ка айланди, десак муболаға бўлмайди.

Тадбирни олиб борган Элдор Туляков аҳолининг ижтимоий-иқтисодий турмушини яхшилашда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” лойиҳаси тадқиқотлари муҳим ўрин тутишини эътироф этди.

– Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири, бу – тадқиқот натижалари асосида сифатли ва аниқ манзилга йўналтирилган сиёсий қарорлар қабул қилинишга кўмаклашиш ва тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш учун имконият яратиш ҳисобланади, – деди Э.Туляков. – Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа доирасида ўтган беш йилда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 30 га яқин маҳаллий ва халқаро даражадаги давра суҳбатлари, 100 дан ортиқ турли мавзуларда ўзаро учрашувлар ташкил этилди ҳамда тадқиқотлар натижалари ва шу асосда ишлаб чиқилган хулосалар тегишли давлат органлари ва соҳа мутахассисларига тақдим этиб борилди.

Тадбирнинг асосий маърузачиларидан бири Жаҳон банки катта иқтисодчиси Уильям Зейтц томонидан лойиҳа тадқиқотлари натижалари хусусида батафсил маълумот бериб ўтилди.

— Ўзбекистон бугун катта трансформация жараёнларини бошдан кечирмоқда. Жаҳон банки ана шу ўзгаришларга параллел равишда аҳоли муаммоларини ҳам ўрганиб бормоқда. Энг муҳими, Ўзбекистон ҳукумати тадқиқотларимиз натижаларини эътибордан четда қолдирмаяпти. Ҳар бир амалга оширилаётган ислоҳот замирида маълум даражада халқнинг иродаси, хоҳиш-истаклари ўз ифодасини топмоқда.

Ўрганишларимиз жараёнида мамлакат аҳолиси томонидан билдирилган фикрлар таҳлили, бугун Ўзбекистон тўғри йўлни танлаганлигини кўрсатмоқда. Зеро, сўровномаларда иштирок этган аҳолининг 80 фоизи Ўзбекистондаги ислоҳотлардан рози эканликларини билдиришган. Шу билан биргаликда, мамлакатда янги иқтисодий имкониятлар ҳам яратилмоқда. Энг муҳими, фуқаролар иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг сезиларли даражада ортаётганини ўз ҳаётида ҳис қилмоқда.

Яна бир эътироф этишимиз керак бўлган жиҳат, бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда камбағалликни қисқартириш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатларидир. Ўзбекистон бу йўлда улкан ўзгаришларни амалга оширмоқда ва бу, аллақачон натижаларни кўрсата бошлади.

Бугун Ҳукумат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамлар ҳам халқнинг яшаш тарзига катта ижобий таъсир кўрсатмоқда. Муҳими, бу ислоҳотлар барча соҳаларда ўз аксини топди, натижада мамлакатда камбағалликка қарши курашиш миллий сиёсатга айланиб улгурди.

2022 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 5 фоизга ортди. Бу, бугунги иқтисодий инқироз жараёнида улкан ижобий натижадир. Муҳими, Президент мақсадни тўғри қўя билди, натижада 2022 йилда камбағалликни 17 фоиздан 14 фоизга қисқартиришга эришилди.

Яқин йиллар ичида камбағалликни 2 баробарга қисқартириш устувор вазифалардан биридир. Бунда эса, Ҳукуматнинг асосий эътибори ҳозирда турмуш тарзи қониқарли даражада эмас, деб баҳоланаётган 5 миллион аҳолига қаратилади. Аниқ чора-тадбирлар, аниқ манзилга йўналтирилади.

Давлат томонидан инфратузилмаларни яхшилаш, статистика соҳасини ислоҳ қилиб, тадқиқотлар ўтказишга катта эътибор қаратилмоқда. Албатта, Жаҳон банки ҳам бу жараёнларни диққат билан кузатиб бормоқда. Шулардан бири аҳоли даромадларини ўрганишдир. Бу борада сўнгги беш йилда катта ўсиш бўлди. Глобал нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш борасидаги тажрибаси билан бутун дунёга намуна бўла олади.

Таъкидлаш жоизки, мазкур жараёнларда Жаҳон банки ҳам ўзининг бир қатор тавсияларини билдириб бормоқда. Жумладан, мамлакатга концептуал транформация зарур. Табиийки, бунда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган ресурслар оқилона сарфланмоқда, шу асосда кўплаб иш ўринлари яратилмоқда, албатта, бу жараён тўхтаб қолмаслиги лозим. Умуман, аҳолини ижтимоий-қўллаб қувватлаш пакетлари бу жараёнда самарали усул ҳисобланади.

Шунингдек, биз, инсон капиталига инвестиция киритиш, таълим ва соғлиқни сақлаш йўналишларини ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Аҳолининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда уларни соҳаларга самарали йўналтириш ва давлат томонидан ёшларнинг таълим олишлари учун катта маблағлар ажратилаётгани, шубҳасиз, яқин йиллар ичида ўз самарасини беради.

Тадбирда маҳалла раислари ўртасида ўтказилган сўровлар натижалари юзасидан Жаҳон банкининг ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича катта мутахассиси Роберт Вробел томонидан таҳлиллар келтириб ўтилди.

Жумладан, эксперт тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистондаги маҳалла раисларининг кўпчилигини эркаклар ташкил этаётганлиги, келгуси сайловларда аёлларнинг ҳам вакиллик органларга сайланишига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

– Айни пайтда давлат ва фуқаролар ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи маҳалла раислари томонидан аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, хонадонлар билан ишлаш, ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларни “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтар»ларига киритиш бўйича тавсиялар беришда маҳалла раислари фаоллик кўрсатишмоқда. Бундан ташқари, сўровномалар натижалари аҳолига жорий этилаётган манзилли ижтимоий ёрдам тизими 2021 йилга нисбатан ижобий натижа берганлигини кўрсатди.

Хусусан, маҳаллаларда ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлганлар учун кредит олишдаги чекловлар сақланиб қоланаётганлигига қарамасдан , бу борада бюрократик тўсиқлар сезиларли камайган.

Шу билан бирга, респондентлар ўртасида ўтказилган сўровда уй-жой билан таъминлашда аҳолининг қониқиш даражаси пастлиги, якка тартибдаги уй-жой қурилиши кўламини, айниқса, қишлоқ жойларда янада кенгайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, мутахассис ўз нуқти давомида маҳаллалар фаолияти самарадорлигини оширишга қартилган таклиф ва тавсияларини ҳам билдириб ўтди. Хусусан, маҳаллаларнинг муҳим дастурларни қабул қилиш ҳамда бюджет ижроси ва тақсимотидаги иштирокини ошириш, “Очиқ бюджет” портали орқали инклюзив қарорлар қабул қилишга эришиш зарурлигини эътироф этди.

Тадбир давомида маҳаллий экспертлар – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори ўринбосари Бахтишод Хамидов, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг ишчи гуруҳи раҳбари Муҳаббат Аҳмедова, Жаҳон банки мутахассиси Севилья Мурадоваларнинг Ўзбекистонда иқтисодий-ижтимоий соҳаларга оид долзарб мавзулардаги маърузалари тингланди.


ЎзА