Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш, турли қоидабузарликлар содир этилиши, инсонлар ўлими билан боғлиқ мудҳиш ҳолатларнинг олдини олиш масалалари доимий эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалардан. Бу борада муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида муҳокама қилинган “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бу борадаги саъй-ҳаракатларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Қонун лойиҳасига кўра, эндиликда йўлларда хавфсизликни таъминлашда экологик хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофаза қилинишининг устуворлиги, маҳаллий аҳоли ва йўл ҳаракати иштирокчилари фикрининг инобатга олиниши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари ҳам қайта кўриб чиқилган бўлиб, Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлигининг ваколатлари кенгайтирилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини моддама-модда муҳокама қилар экан, унинг ниҳоятда зарур эканлигини қайд этдилар.

— Афсуски, кейинги йилларда автоҳалокатлар қурбонлари сони тобора ортиб бормоқда, — дейди депутат Мақсуда Ворисова. — Муаммони қонунчиликка муайян ўзгартиришлар киритибгина тизимли ҳал қилиш мумкин. Бундан ташқари, экстремал иқлим шароитлари, табиий офатлар, авариялар, ёнғинлар ёки техноген хусусиятли бошқа фавқулодда вазиятлар рўй берганда, инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғи ҳимояланиши лозим. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан йўл ҳаракати соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш амалиётида учраб турган тушунмовчиликлар бартараф этилади, йўл ҳаракатини ташкил этишга қўйиладиган умумий талабларга, асосий кўрсаткичларга ва техник воситаларига аниқлик киритилади.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

М.Комилова, ЎзА