Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг таклифига биноан 26-27 январь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Давлат ташрифининг асосий тадбирлари 27 январь куни ўтказилди.

Дастлаб Бишкекдаги “Ала-Арча” қароргоҳида давлатимиз раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар.

Шундан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров тор доирада учрашув ўтказдилар.

Давлатимиз раҳбари таклиф ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, кейинги икки йилда Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлиги самарали ривожланганини қайд этди.

– Қирғизистон бизнинг муҳим стратегик ҳамкоримиз, энг яқин қўшнимиз ва вақт билан синалган дўстимиздир, – деди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар охирги икки йилда ўзаро муносабатларни мутлақо янги даражага олиб чиқишга эришгани таъкидланди. Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасининг делимитацияси якунига етказилгани эса тарихий воқеа сифатида эътироф этилди.

Музокараларда икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми етти баробарга кўпайганини мамнуният билан қайд этди.

Икки мамлакат ҳукуматларига савдо ҳажмини янада ошириш ва ўзаро маҳсулот етказиб бериш номенклатурасини кенгайтириш юзасидан биргаликда ишлаш бўйича топшириқ берилди.

Саноат, тўқимачилик, энергетика, кон ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида янги қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шу мақсадда Ўзбекистон – Қирғизистон тараққиёт фондининг салоҳияти янада фаол ишга солинади.

Давлат раҳбарлари минтақавий тузилмалар ва халқаро мулоқот майдонлари доирасидаги ҳамкорликни, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик, замонавий хатар ва таҳдидларга самарали қарши курашиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Сўнг музокаралар икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари, қатор вазирлик ва вилоятлар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирилди.

Давлатимиз раҳбари яна бир бор самимий қабул ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдириб, Президент Садир Жапаров раҳбарлигида Қирғизистонда амалга оширилаётган муваффақиятли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Ўзбекистонни қувонтираётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Олий даражадаги мулоқотлар тизимли ва фаол тус олгани ҳамкорликни салмоқли даражада мустаҳкамлаш, янги ўсиш нуқталарини аниқлаш ва амалий шерикликни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Томонлар ўзаро стратегик шерикликни чуқурлаштириш борасида биргаликда ишлашга қатъий интилишини билдирдилар. Мамлакатларимиз ўртасида тузилган Чегара тўғрисидаги шартнома қардош халқларимиз томонидан кўтаринки руҳ билан қабул қилингани таъкидланди.

Президент Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг асосий устувор йўналишларини қайд этди. Бу, биринчи навбатда, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтиришдир.

Шу мақсадда томонлар учинчи мамлакатлардан импорт ўрнини ўз ишлаб чиқарувчиларимизнинг арзон маҳсулотлари билан тўлдириш, шунингдек, икки мамлакат пойтахтларида савдо марказларини ташкил этиш масалаларини ўрганишга келишиб олдилар.

Саноат кооперацияси доирасида қарийб 500 миллион долларлик янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклиф қилинди. Автомобиллар, замонавий маиший техника, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олиш ва қайта ишлаш шулар жумласидан.

Мамлакатимиз етакчиси озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳим йўналиш сифатида қайд этди.

Интенсив боғлар ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, картошка, мева-сабзавот ва чорвачилик маҳсулотларини етказиб бериш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва бошқа қўшма лойиҳаларни ишга туширишга қаратилган агрокооперация дастурини амалга ошириш шу мақсадларга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги шериклик ва тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.

Транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик стратегик аҳамиятга эга экани қайд этилди. “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича ишларни фаоллаштириш, “Андижон – Ўш – Иркиштом” автомобиль йўлининг салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, шу мақсадда қўшма транспорт-логистика компаниясини ташкил этишга келишиб олинди.

Музокараларда энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Гидроэнергетикадаги лойиҳаларни амалга ошириш, шу жумладан, Қамбарота ГЭС-1 қурилиши борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Тарихи ва дини, тили ва маданияти муштарак бўлган халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган қатор аниқ ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, улуғ қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 95 йиллигини кенг нишонлаш, Ўшда Бобур номидаги Ўзбек мусиқали драма театрининг очилишида биргаликда спектакль намойиш этиш, зиёлилар ва ёшларни фаол жалб қилган ҳолда янги формат – Авлодлар мулоқотини ташкил этиш, талабалар спартакиадаси, қўшма фестиваль ва концертлар, ижодий тадбирларини ўтказиш таклиф қилинди.

Олий даражадаги музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги – кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекдилар.

Давлат раҳбарлари ҳузурида давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро ҳужжатлар алмашилди. Жами 25 та ҳужжат имзоланган, шу жумладан:

– Ўзбекистон – Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённома;

– Қирғиз Республикасида автомобиль ва тижорат техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим;

– Стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур;

– Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим;

–  Фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга Баённома;

– Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида Баённома.

Вазирлик ва идоралар ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, божхона, саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш, инновациялар ва илмий тадқиқотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар, шунингдек, Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш режаси имзоланди.

Шунингдек, Жиззах ва Иссиқ кўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурлар имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаров музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказдилар.

– Давлат ташрифимиз Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигида ўтаётгани рамзий маънога эга, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари ишонч ва конструктив мулоқот руҳида ўтган олий даражадаги учрашувлар натижаларини юксак баҳолади. Томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини батафсил муҳокама қилиб, уни чуқурлаштириш бўйича аниқ қарорлар қабул қилганларини таъкидлади.

Ўзбекистон – Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома тузилгани икки томонлама муносабатларда чинакам тарихий воқеа бўлгани қайд этилди.

– Чегарани делимитация қилиш масалалари тўлиқ тартибга солингани икки томонлама ҳамкорлик ва ҳудудлараро алмашинувлар ривожида муҳим ўрин тутади, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Музокаралар якунида қабул қилинган муҳим ҳужжатлардан бири Кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация бўлди. Бу, давлатимиз раҳбари қайд этганидек,  мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлидаги кўп қиррали ҳамкорлик ривожида янги даврнинг бошланишидир.

Савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамкорликнинг энг муҳим устувор йўналиши этиб белгиланди. Кейинги йилларда товар айирбошлаш етти баробарга кўпайди ва 1,3 миллиард долларга етди.

Икки мамлакат ҳукуматлари олдига товар айирбошлашни, шу жумладан, импортнинг ўрнини фаол тўлдириш ва савдо марказларини ташкил этиш орқали икки миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди.

Куни кеча ўтган бизнес-форумда умумий қиймати 1,6 миллиард долларлик шартнома ва келишувлар имзолангани ҳам ушбу мақсаднинг муваффақиятли рўёбга чиқишига хизмат қилади.

Автомобиллар, қурилиш материаллари, тўқимачилик маҳсулотлари ва ип-калава, электротехника товарлари ва электрон ҳисоблагичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган йирик кооперация лойиҳалари  шулар жумласидан.

Томонлар икки мамлакат корхоналари ва сармоядорлари иштирокида энергетика ва кон тармоқларида, шу жумладан, кўмир саноатида йирик инфратузилмавий лойиҳаларнинг амалга оширилишидан манфаатдор.

Бу борадаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш учун Ўзбекистон – Қирғизистон тараққиёт фонди кенгайтирилади, Стратегик савдо-иқтисодий шериклик бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастур ҳамда Саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш тўғрисида битим қабул қилинди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доирасида томонлар мамлакатларимизнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини биргаликда етиштириш ва етказиб беришга келишиб олдилар.

Яна бир стратегик йўналиш – транспорт коммуникацияларини ривожлантириш.

– Саъй-ҳаракатларимизнинг муваффақияти кўп жиҳатдан транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг самарадорлигига боғлиқ, – деди Ўзбекистон Президенти.

Музокаралар давомида етакчилар “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга аҳдлашиб олдилар. Энергетика соҳаси ҳам, хусусан, Қамбарота ГЭС-1ни биргаликда барпо этиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

– Ушбу мегалойиҳа, ҳеч шубҳасиз, нафақат Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг, балки бутун минтақамизнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади, – деди давлатимиз раҳбари.

Музокараларда ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш мазкур алоқаларнинг кенгайишига хизмат қилади.

Маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўш шаҳрида реконструкцияси якунига етаётган Бобур номидаги Ўзбек мусиқали драма театри қардош халқларимиз ўртасидаги дўстликнинг ёрқин рамзи бўлиши таъкидланди.

Шу билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғиз Республикасига давлат ташрифи якунланди.

ЎзА