Ўтган йилда 647 минг 655 нафар 6 ёшли бола мактабга тайёрлов тизими билан қамраб олиниб, қамров даражаси 67 фоиздан камида 90 фоизга етказилган. 2 минг 48 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, мактабларда таълим сифатини ошириш, педагог-кадрларнинг билими ва малакасини халқаро даражага олиб чиқиш борасида педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказларида 100 минг нафар, махсус платформа орқали 44 минг 979 нафар ўқитувчи малакаси оширилган.

Йил бошига нисбатан тоифага эга ўқитувчилар сони 220 минг 110 нафардан 325 минг 818 нафарга ёки 43,8дан 64,8 фоизга ошган. Энг муҳими, йил бошидан халқ таълими тизимига 120 нафар хорижий эксперт ва педагоглар жалб қилинган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2022 йилдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи муҳокама қилинди.

— Ҳисобот даврида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш мақсадида қабул параметрини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби соддалаштирилгани, ушбу жараёнда олий таълим муассасалари ваколати кенгайтирилгани ижобий ҳолдир, — дейди фракция аъзоси Умида Раҳмонова. — Бундан ташқари, республикада 17 миллиондан зиёд хотин-қизлар ҳақида маълумот базасини ўз ичига олган “Xotin-qizlar.uz” миллий платформаси яратилгани ва у орқали эҳтиёжманд оилалардаги илмга интилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 84 минг 104 та ариза электрон қабул қилиниб, улардан 35 минг 689 нафарига тавсиянома берилгани эътиборга молик. Тест натижаларига кўра, 1 минг 982 нафар эҳтиёжманд оила хотин-қизлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинган.

Йиғилишда фракция аъзолари туризм хизматлари сифатини ошириш бўйича қилинган ишларни ижобий баҳолади. Ўтган даврда 326 та 16 минг 86 ўринли меҳмонхона ва жойлаштириш воситалари ҳамда 284 та туристик корхоналар фаолияти йўлга қўйилган ҳолда 696 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилгани алоҳида қайд этилди.

Муҳокамалар давомида таълим тизимидаги муаммолар, жойларда айрим фан ўқитувчиларининг етишмаслиги, қоғозбозлик ҳолатлари ҳамон мавжудлиги айтилиб, бу борада зарур чоралар кўрилиши кераклиги таъкидланди.


Муҳтарама Комилова, ЎзА