Инсоният яқин йилларда йирик глобал хатар билан рўбарў келиши мумкин. Бу — семизлик! Маълумотларга кўра, сўнгги 30 йил ичида дунёда бу касалликка чалинган одамлар сони уч баравар ошган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2030 йилга бориб, Ер юзи аҳолисининг қарийб 45 фоизи ана шу дардга йўлиқиши мумкинлигидан жиддий хавотирда.

Мутахассисларнинг фикрича, семизлик тери ости ва тананинг бошқа жойларида меъёрдан ортиқча ёғ тўпланиши оқибатида келиб чиқади.

Кам ҳаракатланиш, генетик факторлар, эндокрин касалликлар, нотўғри овқатланиш ёки психологик бузилишлар, стрессларга берилувчанлик унга сабаб бўлувчи асосий омиллардан.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази семизликнинг саломатликка салбий таъсирлари ва уни келтириб чиқарувчи омиллар ҳақида видеоролик тайёрлади.

Унда касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари қисқа, аниқ ва лўнда қилиб тушунтирилган. Мутахассислар томонидан ЖССТ маълумотлари ва тавсиялари асосида яратилган ушбу видеоролик аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга хизмат қилади.

 

ЎзА