“Тошкент Индекс”даги талабаларни айрим олий таълим муассасалари томонидан ётоқхоналарга кўчирилаётгани ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда.

Хабарингиз бор, жорий ўқув йили бошида “Тошкент Индекс” савдо мажмуасида талабалар вақтинча туришлари учун шароит яратилган эди. Ўтган давр мобайнида аксарият олий таълим муассасалари томонидан талабалар турар жойларида қўшимча ётоқ ўринлари яратилиб, кўчиш истагини билдирган талабалар кўчириб ўтказилди.

Шу кунларда эса совуқ ҳаво ҳароратида мажмуа етарли шароитга эга эмаслиги боис, кўчириш ишлари олий ўқув юртлари талабалар турар жойларида кўпроқ қўшимча бўш ўринлари яратилиши, аксариятида янги ётоқхоналар барпо этилиши ҳисобига янада жадаллашди.

Бунда “Тошкент Индекс”да қолишни хоҳловчи талабаларни мажбуран чиқариб юборилишига йўл қўйилмайди.

Маълумот ўрнида, биргина Тошкент давлат иқтисодиёт университетида икки қаватли ётоқ ўрни ташкил этиш ҳисобига қўшимча 139 ўринли, Тошкент давлат педагогика университети томонидан Оқтепа педагогика коллежи талабалар турар жойида янги 300 ўринли жой яратилган.

Шу каби бошқа олий таълим муассасалари ҳам ҳозирда ички имкониятдан келиб чиқиб, қўшимча ўринлар ҳозирлаган. Бундан ташқари, Тошкент давлат стоматология институтида 400 ўринга мўлжалланган янги ётоқхона қуриб, фойдаланишга топширилди.

 

ЎзА