Бугун «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида ўтказилган «Ватан манзумаси» номли адабий-маърифий кеча ўзгача руҳда ўтди. Яқин вақт ичида бундай форматдаги тадбирга гувоҳ бўлмагандик, десак тўғри бўлади.

Кеча дастуридан ўрин олган ранг-баранг чиқишлар – эл суйган санъаткорларнинг Ватанни, онани, аёлни, дўстни, табиатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, устоз ва навқирон шоир ва шоираларнинг оила, элу юрт, тинчлик, севги муҳаббатга оид, қалбларни жунбишга келтирадиган шеърлари, ҳарбийларимиз фаолиятига доир мазмунли, кўтаринкилик, фахр-ифтихор бахш этувчи лавҳалар – барча-барчаси кишига завқ-шавқ бериш баробарида чуқур ўйга толдиради, фикрлашга, мушоҳада қилишга ундайди.

Кечада Ватан ҳимоячиларнинг ҳарбий-жанговар ҳаракатлари тасвирларини кузатар эканмиз, беихтиёр хаёлдан айни кунда дунёнинг айрим мамлакатларида кечаётган урушлар, қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, ноқонуний хатти-ҳаракатлар туфайли минглаб бегуноҳ инсонларни, аёл ва болаларнинг қурбон бўлаётгани ҳақида интернетда тарқалаётган хабарлар бирма-бир ўтади. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикка шукроналар келтирамиз.

Ушбу тадбирни томоша қилган одам тинчлик энг бебаҳо неъмат эканини, у ўз-ўзидан таъминланмаслигини, осойишталикни сақлаш учун шу юртнинг ҳар бир фарзанди бирлашиши, аҳил-иноқ, Ватанга садоқатли бўлиши, Ватанни онани севгандек севиши, онани ҳимоя қилгандек ҳимоя қилиши лозим ва шартлигини яна бир бор теран англаши шубҳасиз.

Қолаверса, юртимиз тинчлигини сақлаш нафақат ҳарбийларимиз, балки ҳар бир ватандошимизнинг муқаддас бурчи экани, агар барчамиз бир тану бир жон бўлсак, осойишталигимизга ҳеч ким рахна сололмаслигини чуқурроқ ҳис қилади.

Аҳолида ватанпарварлик туйғусини ошириш, Ватан учун керак бўлса, жон беришга шай туриш, ота макон, она юртни ардоқлаш ва улуғлашга, уни кўз қорачиғидек асрашга ундовчи бундай адабий-маърифий кечалар вилоят ва туманларда, чекка қишлоқ ва овулларда ҳам ўзига хос тарзда ўтказилса, айни муддао бўларди.


Холмурод Салимов,  

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси ўринбосари