Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Қайд этилганидек, Андижон вилоятида жорий йилда инвестиция лойиҳалари ҳисобига 40 мингта, пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб бериш ҳисобига 75 мингта ва мавсумий ишлар орқали 200 мингта, маҳаллаларда микромарказлар ташкил этиш, саноат зоналарида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва марказий кўчаларни хизматларга ихтисослаштириш, савдо-сервис объектларини барпо этиш ҳисобидан 135 мингта, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар ҳисобидан 20 мингта иш ўринлари яратиш режа қилинган.

Ёки, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида картошкачиликни йўлга қўйиб, 10 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш, боғларнинг суғориш тизимини тиклаш ҳисобига 2 минг, Кўкдалада тарвуз экишни йўлга қўйиб, 32 минг, Миришкорда дала четларига тут эктириш ҳисобига пиллачиликда қўшимча 6 минг аҳолини даромадли қилиш белгиланган.

–Қолган вилоятлар-чи? Бу борада ҳудудларнинг дастурлари билан бирма-бир танишиб чиқдим. Очиқ айтиш керак, айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари масаланинг ичига кирмаган, – деди Президент.


ЎзА