Мудофаани бошқариш миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучларимизнинг қўмондонлик таркиби, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда мамлакатимиз мудофааси ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, ўтган йили ҳам Қуролли Кучларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, қўшинларнинг жанговар шайлиги ва руҳий тайёргарлигини ошириш, бўлинмаларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таъминлаш давом эттирилди.

Барча куч тузилмаларининг ўзаро ҳамкорликдаги ахборот-коммуникация тизимлари Қуролли Кучларни бошқариш жараёнларига изчил интеграция қилинмоқда. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар мунтазам амалга оширилмоқда. Қуролли Кучлар бошқарув органлари ва қўшинларни биргаликда тайёрлаш тизимига хорижий армияларнинг ижобий тажрибалари жорий этилмоқда.

“Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу тамойил ўз натижасини берди. Ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти самарасида ҳарбий шаҳарчалар инфратузилмаси тўлиқ янгиланди, янги ўқув полигонлари барпо этилди.

Ватан ҳимоячиларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ҳам мустаҳкамланди. Ўтган йили 3 мингдан ортиқ оилалар уй-жой билан таъминланди. Ҳарбий аёллар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида “Тўмарис” нишони таъсис этилди. Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда ўқишга кирди, рафиқалари ва ҳарбий пенсионер иш билан таъминланди.

Йиғилишда соҳадаги долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Ҳозирги шиддатли геосиёсий қарама-қаршиликлар шароитида иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ахборот хавфсизлиги ва бошқа соҳаларда кескин муаммолар пайдо бўлмоқда. Мураккаб халқаро вазият, хавфсизликка нисбатан хавф-хатар ва таҳдидларнинг кучайиши Марказий Осиёда ҳам кузатилмоқда.

– Энг катта бойлигимиз бўлган тинч ҳаётни асраш, халқимиз фаровонлигини таъминлаш, келажак режаларимизни белгилашда ана шу ҳолатларнинг барчасини инобатга олишимиз зарур, – деди Шавкат Мирзиёев. – Биз ҳар қандай вазиятда ҳам Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, унинг сарҳадлари дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлашимиз шарт. Бу – бизнинг тарих ва келажак авлодлар олдидаги муқаддас бурчимиз ва мажбуриятимиздир.

Шулардан келиб чиқиб, навбатдаги устувор вазифалар белгиланди.

Аввало, Қуролли Кучларни рақамлаштиришни жадаллаштириш, соҳадаги вазирлик ва идораларнинг барча ахборот ресурсларини ягона хавфсиз ахборот майдонига бирлаштириш зарурлиги таъкидланди. Мудофаани бошқариш миллий маркази бу тизимнинг ўзаги бўлади.

Ҳарбий таълим дастурларини илғор тажриба асосида янгилаш, педагоглар малакасини ошириш, Ҳарбий инженерлар мактабини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Мамлакатимизнинг сафарбарлик соҳасидаги тайёргарлиги ва ҳудудий мудофаасини ташкил этиш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилди. Қўмондонлик таркибининг қўшинларни бошқариш ва воситаларни қўллаш бўйича малакасини ошириши зарурлиги қайд этилди.

Ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий ва жанговар тайёргарлигини кучайтириш, ёшларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш бўйича тавсиялар берилди.

– Бизга бу кучни четдан излашнинг ҳожати йўқ. Шонли тарихимиз, бой илмий ва маданий меросимиз, баҳодир аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти биз учун чинакам ибрат мактаби, – деди давлатимиз раҳбари.

Дунёда рўй бераётган гибрид характердаги қуролли тўқнашувлар таҳлили Қуролли Кучларимиз жанговар қобилиятини оширишни тақозо этмоқда. Шу боис миллий армияни замонавий техникалар билан таъминлаш, жумладан, ҳарбий авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантириш долзарблиги таъкидланди.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Улар учун ипотека асосида кўп қаватли уйлар қуриш, ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотини тартибга солиш, ҳарбий тиббиёт муассасалари шароитларини яхшилаш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари сўзга чиқди. Мамлакатимиз мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Сўзининг якунида Президент барча ҳарбийларни, бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан табриклади.