Президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Халқаро конгресс марказида “Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир!” мавзусидаги замонавий дарсликлар кўргазмаси билан танишди.

Тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир, деган эди Шавкат Мирзиёев. Шунинг учун бу соҳанинг барча босқичлари тубдан ислоҳ қилиниб, комплекс ривожлантирилмоқда. Мамлакатимизнинг Тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган. Бунга мутаносиб равишда 2023 йилга – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили, деб ном берилди.

Таълим сифатини ошириш, болаларни ўқишга қизиқтиришнинг муҳим омили, биринчи навбатда, яхши дарслик. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 29 апрелдаги фармони билан тасдиқланган Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида ўқитиш методикасини такомиллаштириш вазифалари белгиланган эди. Шунга мувофиқ, ўтган уч йил давомида дарсликларни янгилаш бўйича иш олиб борилди. Махсус ишчи гуруҳ томонидан илғор хорижий методика асосида 1-4-синф китоблари янгидан тайёрланди.

Кўргазмада давлатимиз раҳбарига ушбу дарсликлар мазмуни ҳақида маълумот берилди. Улар XXI аср кишиси учун энг зарур бўлган “4К” кўникмаси бўйича ишлаб чиқилган (критик фикрлаш, креативлик, коллаборация, коммуникация). Яъни, бу ўқувчиларда танқидий фикрлаш, ижодий ёндашув, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантиради.

Янги дарсликларни тайёрлашда PISA, PIRLS, TIMSS, EGMA, EGRA каби халқаро дастурлардаги намунавий вазифалар асос қилиб олинган. Дарслик билан бирга машғулот дафтарлари, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ҳам чоп этилган. Шунингдек, бу тизимга Estudy электрон таълим платформаси интеграция қилинган. Ундан дарс пайтида ҳам, бўш вақтда ҳам фойдаланиш мумкин.

Эътиборлиси, тақдим этилган дарсликларнинг бир қисми, хусусан, тасвирий санъат, ўзбек тили ва мусиқий саводхонлик бўйича китоблар кенгайтирилган реаллик технологияларидан  фойдаланилган ҳолда ишлаб чиқилган. Бу ўқувчиларни фанга янада кўпроқ қизиқтириш ҳамда бугунги ўсмирлар ҳаётида муҳим бўлган гаджетларни  фойдали воситага айлантириш мақсадида ишлаб чиқилган. Кенгайтирилган реаллик иловаси  1 марта юклаб олинади ва офлайн режимида ишлайди.

Президент янги дарсликлар билан танишиб, уларнинг мазмуни юзасидан тавсиялар берди.

– Дунё педагоглари тажрибасидан фойдаланган яхши. Шу билан бирга, дарсликларда миллий ғоя, аждодларимиз мероси ҳам бўлиши керак. Масалан, жадид боболаримиз таълим бўйича қанча ишлар қилган. Яқинда Элбек домлани ўқидим. «Қиз болани ўқитган давлат бутун жамиятни ўқитган бўлади» деб ёзган экан. Бизнинг дарсликларимизда бундай гаплар йўқ-ку. Нима демоқчиман? Янги дарсликларни шундай мукаммал тайёрлаш керакки, кейинчалик бунга яна қайтмайлик. Бугунги таълим қирқ йилдан кейин биз ҳақимизда сўзлайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Дарсликларни амалда татбиқ қилиш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Мазкур янги дарсликлар халқаро экспертизадан ўтказилиб, пойтахтимиздаги 134-мактабда синаб кўрилди. Бирламчи натижаларга кўра, улар асосида ўқитилган ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси 88 фоизни ташкил этди. Амалдаги дастур бўйича эса бу 67 фоиз, холос. Кўргазмада мазкур дарслик синовдан ўтказилган бошланғич синф дарси намойиш этилди. Бу мактабда инклюзив таълим тизими асосида алоҳида эҳтиёжи бор ўқувчилар ҳам барча болалар билан бирга сабоқ олмоқда.

Давлатимиз раҳбари ўқитувчи ва болалар билан суҳбатлашди.

Президентимиз таълим кўргазмаси доирасида бир гуруҳ мактаб ўқитувчилари билан учрашди.

Шавкат Мирзиёев президентлик фаолиятининг илк кунларидаёқ юртимиздаги муаммолардан бири сифатида кадрлар масаласини кўрсатган эди. Сўнгги йилларда қайси соҳада ислоҳотлар, улкан лойиҳалар бўлмасин, албатта, унга мос мутахассислар тайёрлаш ҳам кун тартибига чиқади.

– Ҳамма саъй-ҳаракатларимиз тагида таълим бор. Қайси ҳудудга борсам, ёшлар билан, катта-катта корхоналардаги ишчилар билан суҳбатлашаман. Улардан «Сизни нима қийнайди» деб сўрасам, билим етишмаслигини айтади. Ривожланган давлатлар бугунги иқтисодиётига қандай эришган? Билим эвазига! Шунинг учун аввалбошдан таълимни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. 2023 йилга – Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили, деб ном бердик. Энди мактабларимизга мутлақо янги муҳит ва сифат кириб келиши керак, – деди Президент.

Маълумки, мамлакатимизда ижтимоий давлат қурилмоқда. Кейинги йилларда юзлаб янги мактаблар қурилди, 500 минг ўқувчи учун қўшимча ўринлар яратилди, 7 мингдан ортиқ замонавий компьютер хоналари ташкил этилди.

Шароит билан бирга таълимнинг мазмунини, методологияни ўзгартириш чоралари кўрилмоқда. Биринчи босқичда бошланғич синф дарсликлари янгиланмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу ишлар мактаб таълими бўйича умумий стратегиянинг бир қисми экани, сифат ва самарадорлик кўп жиҳатдан ўқитувчига боғлиқлигини таъкидлади.

– Мен нима учун ўқитувчининг жамиятдаги обрўси ва мавқеини ошириш керак, деб кўп гапираман, – деди Шавкат Мирзиёев. – Чунки болаларимиз қалбининг чинакам меъмори, муҳандиси ўқитувчилардир. Шунинг учун педагогларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш доимо эътиборимиз марказида бўлади. Уларни дарсдан бошқа ишларга жалб этиш – бу давлатга, келажакка хиёнат, деб баҳоланиши керак. Ўқитувчига ҳурматсизлик – бу халқимизга, жамиятимизга ҳурматсизликдир.

Президент Конституция ва қонунларда ўқитувчининг мақоми, ҳуқуқ ва манфаатларини аниқ белгилаш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.

– Шундай жамият қуришимиз керакки, ўқитувчилик энг обрўли касб бўлиши лозим! Бу йўлда биз, аввало, ўз ҳаётини ёш авлод тарбиясига бағишлаган минг-минглаб устоз ва мураббийларга таянамиз! Устозларни эъзозлаган жамият ҳеч қачон кам бўлмайди, ўз мақсадларига, албатта, етади. Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутманглар: халқимиз ўз келажагини сизларга ишониб топширган. Келажагимиз қандай бўлиши, аввало, сизларга боғлиқ. Бу йўлда Президент сизларни доимо қўллаб-қувватлайди, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Ёшлар таълим-тарбиясида ота-оналар масъулиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Мулоқотда ўқитувчилар педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, мактабларга хорижий тил эгаларини жалб қилиш, ёшларни касбга йўналтириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари ўқитувчиларни кириб келаётган янги 2023 йил билан табриклаб, шарафли ва масъулиятли фаолиятида куч-ғайрат тилади.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА мухбири